Хитой Афғонистонда ҳарбий база очиши ҳақидаги хабарларни рад этди
Хитой Афғонистонга ҳарбий қўшин юборишни ёки у ерда ҳарбий база очишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
30 август куни Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Гонгконгда чоп этиладиган South China Morning Post газетаси ва бошқа нашрларнинг Хитой армияси Афғонистон шимолига юзлаб ҳарбий юбормоқчи эканлиги ҳақидаги хабарларини ҳақиқатдан йироқ эканлиги тўғрисида баёнот берди.
Хитой Афғонистон билан қисқа чегарага эга бўлиб, ўзининг Шинжон-Уйғур мухтор районига чегаранинг у томонидан радикаллар ўтишидан хавотирда.
Кейинги йиллардаги Шинжон-Уйғур мухтор районида норозилик намойишлари ва исёнлар давомида юзлаб одам ҳалок бўлди. Хитой расмийлари бу тўқнашувларда исломий радикалларни айблаб келади.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Хитой Афғонистон билан чегарасига ҳарбий техника юборган. Аммо Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Хитой Афғонистонга террорга қарши курашишда ҳамда умумий чегарани ҳимоя қилишда кўмаклашишнигина исташини таъкидлади.