Янги Қонун: Ягона давлат реестри ташкил этилади
Бу ҳақда ССВ хабар бермоқда.
“Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига кўра:
инсон аъзоларидан ва (ёки) тўқималаридан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек трансплантацияга муҳтож бўлган шахсларга тезкорлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри (бундан буён матнда Ягона давлат реестри деб юритилади) ташкил этилади.
Ягона давлат реестри инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг ахбороти асосида шакллантириладиган автоматлаштирилган ахборот тизимидир.
Ягона давлат реестрида:
- аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг потенциал реципиентлари;
- ўзига нисбатан аъзолар (аъзонинг бир қисми) ва (ёки) тўқималарнинг трансплантацияси бажарилган реципиентлар;
- ўзидан аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган тирик донорлар;
- ўзининг биологик ўлими юз бериши факти аниқланганидан кейин ўз танасидан (танасининг қолдиқларидан) аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган шахслар;
- ўзидан трансплантация учун аъзолар ва (ёки) тўқималар олинган донорлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.
Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ягона давлат реестрида сақланадиган маълумотлар шифокор сиридир.