Пекин Ҳонконгда разведка хизматининг янги идорасини очди
Хитой расмийлари Ҳонконгда ўз разведкачилари учун янги идора биносини очишди. Миллий хавфсизликка оид янги қонунга мувофиқ, хитойлик разведкачилар бу шаҳарда биринчи марта очиқ ишлай бошлайдилар.
Пекин томонидан назорат қилинадиган Миллий хавфсизликни таъминлаш бошқармаси биносининг очилиш маросими 8 июль куни Ҳонконгдаги меҳмонхоналардан бирида кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтди. Янги бинонинг муваққат манзили Ҳонконгда узоқ вақт норозилик намойишлари маркази бўлган Виктория боғи яқинидаги тижорат мавзеида жойлашган.
Миллий хавфсизлик тўғрисидаги баҳсли қонун ўтган ҳафтадан кучга кирган. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши қонун Британия томонидан шаҳар 1997 йилда Хитойга берилганидан кейин сақланиб қолган ҳуқуқ ва эркинликларга путур етказишига оид хавотирлар қабатида халқаро ҳамжамиятнинг ташвишланишига сабаб бўлган.
Хитойлик амалдорлар мазкур қонун Ҳонконгда ўтган йили бошлаган ва айримлари зўравонликка айланиб кетган норозилик чиқишларидан сўнг барқарорликни тиклашини айтмоқдалар.
Пекин расмийлари хавфсизлик хизмати ходимлари янги бинода янги қонун асосида жиноятларни тергов қилиш ҳуқуқига эга бўлишларини маълум қилганлар.