ШАЙТАНАТ… (140-қисм)
* * *
Бир аёлни, айниқса ёлғиз бевани қўшни аёллар бузуқликда айблашмадими, демак, у чиндан покиза экан. Бева аёл, айниқса чиройли жувоннинг ҳар бир қадами, ҳар бир сўзи, ҳар бир кулгуси қўшни хотинларнинг зийрак нигоҳи таъқибида бўлади. Қўшни хотинларнинг ҳар бири эрини ундан қизғанади. Агар таниш эркаклар, Зарипова айтгандай, тўғри маънода тез-тез келиб туришса ҳам у аллақачон ёмонотлиққа чиқиб бўларди. Хотинларнинг бу қилиқлари маълумлиги учун Зоҳид «Зарипова Миркаримовнинг ўйнаши», деган ёзувини қора тўртбурчак чизиқ орасига олиб қўйган эди. Шу боис ҳам «уйингиздаги бегона эркакни айтинг», деб қийин-қистовга олмади.
«Агар менинг самимиятимга ишонса, эртами-кечми, ўзи айтади», деган ишонч билан бошқа нарсаларни сўраётган эди.
— «Бунақа эркак кимга керак?» деганимда фақат сизни назарда тутганим йўқ.
Миркаримов «аёлларга менинг бойлигим керак, пулсиз эркакнинг кимга кераги бор?» деб ўйлаган бўлиши мумкинми?
Бу саволни эшитиб, Зарипова «Вой Худойим-ей», деб хўрсиниб қўйди. Кейин бошини кўтармаган тарзда, худди ўзига-ўзи гапираётгандай деди:
— Нима учун ҳамма нарсани бойлик билан ўлчаймиз? Бойликдан бошқа ўлчов йўқми бу дунёда? Бир сидра кийим-кечак, кунлик ейиш учун бир бурда нони билан одамнинг бахтли бўлиши мумкинмасми? Бўйни тилла занжир кўрмаган аёллар бахтсизми? Қўша-қўша тилла билакузук тақиб юрганларнинг ҳаммаси бахтлими?
Зарипова яна хўрсиниб, жимиб қолди. Унинг хасратли гаплари Зоҳидга маъқул келгани билан суҳбатни бу мавзуда давом эттиришни истамади. Бошқа жойда, айбланувчи ва айбловчи мартабасида эмас, икки озод инсон сифатида кўришишганида балки ҳаёт фалсафаси хусусида узоқ суҳбатлашган, аёлнинг маъноли фикр-ларидан баҳра олган бўларди. Алҳол… аёл тутқун. Унинг дардли фалсафаси ҳам тутқун.
Бундай пайтларда терговчи — Зоҳид билан ин- сон — Зоҳид ўртасидан фарқ чизиғи ўтиши натижасида инсон — Зоҳид қалбида уйғонган меҳр-шафқат йўли тўсилиб, у расмий муомала қилувчи, қонуннинг қаттиққўл ҳимоячисига айланишга мажбур бўларди.
Ўзидаги икки хил бу кўринишдан қийналиб устозига нолиганида маёр Солиев «Касбимизнинг энг нозик томони ҳам шу. Жиноятчининг оҳ-воҳига қулоқ солиб, раҳминг келса, унга шафқат кўзи билан қарасанг ундан жабр кўрган одамга хиёнат қилган бўласан», деган эди.
Зоҳид «Зарипова яна гапирармикин?», деган хаёлда сабр қилди. Аёл бош эгиб жим ўтиравергач, сўроқни давом эттирди:
— Сиз Ойсанам Эркаевани танисангиз керак. У билан ҳеч рўпара келганмисиз?
Бу саволдан кейин Зарипова бошини кўтарди:
— Рўпара келиб, эр талашиб, юлишганмисизлар, демоқчимисиз? Йўқ, бунақа бўлмаган.
Мен Мавлон аканинг биринчи хотинлари билан кўришиб турардим.
Буниси Зоҳид учун янгилик бўлди. Собиқ хотин билан хотин бўлиш орзусидаги аёл орасида қандай яқинлик бўлиши мумкин? Собиқ ва бўлажак хотинларнинг Ойсанам Эркаевага қарши иттифоқими бу? Зоҳид хаёлига келган бу саволни тилига кўчирмай, бошқачароқ қилиб сўради:
— Қанақасига?
— Мен олдинги терговчига айтганман, Мавлон аканинг катта қизлари бизда ўқирди. Анави қоғозларингизга ёзилмабдими? Мавлон ака билан шу қиз ўқишга кираётганида танишганмиз. Ажрашиб кетган бўлсалар ҳам болаларидан хабар олиб турардилар.
— Буни Эркаева билармиди?
— Билмаса керак.
— Билса… ғайирлиги келармиди, жанжал кўтарармиди?
— Буни ўзидан сўрайсиз.
— Биринчи хотин… албатта аламзада бўлади, кундоши ҳақида нима дерди?
— Биз ғийбат қиладиган даражада яқин эмасдик. Кейин… у хотиндан шубҳа қилманг, илтимос. У фариштадек сабрли, покиза аёл. Очиғини айтсам, шундай хотинни хўрлагани учун Мавлон акадан баъзан нафратланиб кетардим. «Сени яхши кўраман», деганларига ишонгим келмай қоларди. Агар яхши кўриш керак бўлса, эркак одам «уйим-жойим, эрим-болам», дейдиган ўшанақа хотинни яхши кўриши керак.
— Эркаева «уйим-жойим» демасмиди?
— Билмайман.
— Балки эрига кундошидан кўра меҳрибонроқ бўлгандир?
— Билмадим.
— Миркаримов хотини ҳақида ҳеч гапирмасмиди? Масалан, Эркаева бир нима баҳонасида жанжал қилса, сиқилиб, сизга ёрилгандир?
— У киши ҳасрат қиладиган эркаклардан эмас эдилар.
— Эркаева эрининг сиз билан учрашиб туришини била туриб индамаган, деб ўйлайсизми?
— Буни ҳам ўзидан сўрайсиз.
— Миркаримовнинг ҳайдовчиси Эркаевага ким бўларди, билармидингиз?
— Ҳа.
— Синглисини бошлаб келиб, ғавғо кўтарар, деб чўчимасмидингиз?
— Йўқ.
— Нима учун?
— У йигит ўлгур қайноға эмас, малай эди. Малайнинг аҳволини ўзингиз биларсиз.
— Ҳар холда синглисининг тақдирига бефарқ қарамагандир?
— Бефарқ қарамагани аниқ. Калласи балодай ишлайди унинг. Ғавғо кўтарилса синглисига қийин бўлишига ақли етарди.
— Синглисига… нега қийин бўлади?
Зарипова «шунга ақлингиз етмаяптими ё мени лақиллатиб ўтирибсизми?» дегандай Зоҳидга тикилиб қаради. Зоҳид Ойсанам Эркаевага нима учун қийин бўлишини тахмин қилаётган бўлса-да, чин сабабини рўпарасидаги маҳкума аёлдан эшитишни истади.
— Агар ғалва қилса, синглиси бой эрдан, ўзи ҳам бой куёвдан, ҳам ишдан ажралиб, қуруқ қолиши мумкин эди.
— Сиз Миркаримовнинг яқин танишларини билармидингиз?
— Йўқ.
— Ҳеч гапирмасмидилар?
— «Кимлардан норози бўлиб гапирган?» деб сўрамоқчимисиз? Олдинги терговчи ҳам сўраган буни. Жавобини айтганман: Мавлон аканинг нолийдиган одатлари йўқ эди.
Зоҳид стол устидаги қоғозга сўроққа берилган жавобларнинг мазмунини ёзгунича Зарипова унинг бармоқларидан мўъжиза кутгандай тикилиб ўтирди. У ёзув ниҳоясига етиши билан сўроқ ҳам тугайди, яна қамоқдаги жойимга қайтаман, деб ўйлаб янглишди. Зоҳид ёзувни тугатгач, унга тикилди. Ана шунда Зарипова кутган мўъжиза юз бермади, балки кутилмаган савол эшитилди:
— Ноил Зарипов укангизми?
— Ҳа… — Зарипова «Йигит ўлгурнинг фисқу-фасодига ишондингизми? Энди укамдан ҳам шубҳа қиляпсизми? Уни ҳам қамадингизми ё энди олиб келасизми?» деган савол назари билан терговчига қаради.
— Миркаримовнинг қўлида ишлаган экан. Миркаримов уни нима учун бўшатиб юборди?
— Билмайман, мен уларнинг ишларини тушунмайман.
— Балки бирон қинғир иш қилиб қўйиб, Миркаримовнинг жаҳлини чиқаргандир?
— Бетон заводида қанақа қинғир иш бўлиши мумкин?
Бу жавобни эшитган Зоҳид мийиғида кулиб, стол устини чертиб қўйди.
— Мантиқдан яхши ўқибсиз-у, ҳисобдан қоқилган экансиз-да, а? Ахир қинғир иш қилмаса Миркаримов шунчалик бойирмиди? Укангиз ҳам ёмон яшамагандир?
— Бу ишларга ростданам ақлим етмайди. Укам адашган бўлиши мумкин, лекин қинғир иш қилмайди. Дадам бунга йўл қўймайдилар.
— Дадангиз уйда тўғрилик ҳақида насиҳат қилиб ўтирсалар эҳтимол. Лекин уйдан то заводга етиб борилгунича бу насиҳатлар тушиб қолади. Дадангиз «ўғлим, «нол етти жигули»ни қайси пулга олдинг» деб ҳеч сўрамаганмилар? Сиз-чи? Сиз сўраганмисиз?
— Мен унинг топар-тутарига қизиқмаганман.
— Нега қизиқмайсиз? Миркаримов укангизни кўчадан топиб келиб, даромадли ўрнига ўтқазиб қўймагандир? Биология ўқитувчисини ҳамма ҳам бетон заводига жойламас, а?
Ҳар ҳолда орада сизнинг илтимосингиз ҳам бўлгандир? Шу ерга келганда мантиқ ёпишмай қоляпти, Зарипова.
Аёл бир нарсани излагандай кўзларини жавдиратиб, панжарали дарчага қаради. Уни сиқиндиликдан қутқарувчи нажот айнан шу дарчадан оқиб келадигандай бир неча нафас тикилди.
— Зарипова, Миркаримов билан хотини ҳақида гаплашмаган экансизлар, дўстдушманларини ҳам тилга олмагани ҳақиқатдир. Укангиз ҳақида ҳам гаплашмаганмисизлар?
— Балки… гаплашгандирмиз… умумий гаплар…
— Укангизни ишдан бўшатгандан ҳам индамаганмиди? «Уканг бетон плиталарини сотаётганида икки марта қўлга тушди, фалон минг бериб қутқариб олдим, энди бу ёғига чидаш қийин», ҳам демаганмиди?
— Сиз йигит ўлгур Эшпўлатовнинг гапларига ишониб шундай деяпсизми?
— Биз Эшпўлатовнинг гапига эмас, далилларга ишонамиз. Бу далилларни қаердан олганимни сизга айтиб ўтирмайман. — Зоҳид «бу иш бўйича милитсиядаги ўртоқлар шуғулланишяпти, Миркаримовдан пора олиб, укангизни қўйиб юборган ОБХСС вакили ҳозир сўроқ беряпти», демаса ҳам Зарипова укасининг аҳволи яхши эмаслигини англаб бир титраб олди. «Укамни ишга олинг» деб илтимос қилган тилларини чайнаб ташлагиси келди.
Укаси кўп қатори маошига қаноат қилиб яшаб юрувди. Келини ҳам етишмовчиликлардан кўп қатори нолиб, ғашланиб, баъзан ғалва кўтарса-да, охир-оқибат қаноатга банди бўлиб яшаятувди. Икки йил аввалмикин, эр-хотиннинг ғалваси устидан чиққан Зарипова укасига раҳми келиб, унинг пулдор одамга айланиб қолишини истаб қолган эди. У пайтда озод эди. Бойликнинг тотли нафасидан маст эди. Энди маҳкума ҳолатида ўша тотли кунларини лаънатлайди.
— Миркаримов йўқолган куни уйингизда укангиз билан бирга эмасмидингиз?
Бу савол яшин каби урилиб, Зарипованинг вужудини парчалаб, кўмирга айлантириб юборгандай бўлди. У терговчининг қай томонга бурилганини аниқ фаҳм этди: «Ўша куни уканг икковинг ўлдиргансанлар, демоқчими? Уканг ишдан ҳайдалгани учун аламдан ўлдирган, деб айб қўймоқчими?..»
— Укам йўқ эди… Укам меникига кам келарди. Умуман… Мавлон ака уни ишдан бўшатиб, кўчага ташлаб қўйганлари йўқ.
— Биламан, кооператив лимонад тсехига жойлаганлар. Биология ўқитувчиси учун бетон заводидан кўра шуниси тузук. Укангизнинг янги хўжайинини билармидингиз?
— Йўқ.
— Маҳмуд Эҳсонов деган одам. Худо раҳмат қилсин уни.
— Ўлибдими?
— Ўлдириб кетишибди, — Зоҳид «наҳот бу янгилик панжаранинг у томонида қолиб кетган бўлса, наҳот бу аёл эшитмаган?» деган хаёлга унга синовчан тикилди.
Зарипова «Вой бечора, Худо раҳмат қилсин», деб пичирлаб, титрай бошлаган бармоқларига тикилди. «Буни нега менга айтяпти? «Ўлдириб кетишибди…» Укамнинг бунга нима алоқаси бор?»
Зоҳид бу хабарни айтиш билан сўроқни якунлади. «Кейинги сўроққа қадар бу аёл кўп нарсани ўйлайди, айтгиси келмаётган гапларни энди айтади.» — Шу фикрда аёлнинг изидан қараб қолган Зоҳид гарчи ундан бирон янги гап эшитмаган бўлса-да, сўроқдан кўнгли тўлиб қайтди.
***
Асадбек ўғли Абдусамад билан тонг қоронғусида йўлга чиқиб, Козловнинг оиласидан хабар олиб қайтганда майдалаб ёмғир ёғаётган эди. Абдусамад машинани дарвозага тўғрилаб тўхтатиши билан қўшни эшик очилиб, Қамариддин чиқиб келди-да, Асадбек билан кўришиб, уйига таклиф қилди:
— Бир пиёла чойимиз бор эди, — деди у илтижоли оҳангда.
Асадбекнинг бу кунга мўлжаллаган ишлари кўп эди, шу сабабли илтимосни рад этди.
Қамариддин яна бир ялингач, «атай кутаётган экан, гапи зарурдир», деган фикрда унга эргашди. Чол-кампирга мўлжалланган хонадонга дастурхон усти шохона бўлмаса-да, қўл учида кун кўрувчи хонадонга хос равишда тузалган эди. Шошиб кириб, шошиб чиқиб кетиш менсимаслик аломати сифатида қабул қилинажагини билган Асадбек ҳурмати учун синдирилган патирдан бир чимдим ушатиб олди. Аччиқ чойдан уч-тўрт ҳўплагач, вақти зиқ эканини писанда қилди. Ана шунда Қамариддин озгина ҳижолат, ундан сал кўпроқ қўрқиш ҳолатида чақирувдан мақсадини баён қилди.
— Қўшни бўлганимиздан бери сиздан кўп яхшиликлар кўрдик, барака топинг, отаонангизни Худо раҳмат қилсин, жаннатлардан жой берсин, — Қамариддин гапни дуо билан бошлади-ю, мақсадга яқинлашганда тилнинг айланиши қийинлашди.
— Қамар ака, нима гапингиз бўлса айтаверинг, орада ҳижолатлик йўқ, — деб Асадбек унга далда бер- ди.
— У кунги гапларни маслаҳат қилувдик. Маслаҳат шу бўлдики… ҳовли-жойни сотиш зарурати бор экан. Ўғлимнинг ҳам автобазадан бўшагиси йўқ, бир нима дейишга ҳайронман, бошим қотиб қолди. Қариганда ота-боланинг гапи тўғри келмаса қийин экан, — Қамариддин шундай деб оғир дард азобида тўлғанаётган одам каби хўрсиниб қўйди.
Асадбек қўшнисининг бундай беъмани хулосага келишини сира кутмаган эди. Шу пайтга қадар ундан марҳамат кўрганлар ҳамиша таъзимда бўлганлар. «Ўла-ўлгунимча қулингизман», дейдиганлар ҳам учраб турарди. Асадбек уларнинг қулликларига муҳтож бўлмаса-да, ана шундай миннатдорчиликларга ўрганиб қолган эди. Қилажак яхшилиги учун бу қўшнисидан қулликни талаб қилмовди.
Хўрсиниб, қарашга ботинолмай бошини хам қилган Қамариддинга тикилган Асадбекнинг қони қайнади: «Бу гаплар ўзининг калласидан чиқдими ё бирон аҳмоқдан ақл ўргандими? Бундақаларга яхшилик қиламан, деганнинг ўзи аҳмоқ. Баттар бўл!» — Асадбек шу ғазаб билан ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди-ю, ғариб ҳолида ўтирган қўшнисига раҳми келиб, ўзини ўзи босди. Бу сафар раҳм ғазабни енгиб, босиқ ва меҳрли овозда деди:
— Бу боллар сиз кўрган қийинчилик-азобларни кўришмаган. Шунинг учун уйни сотиш — оғизларининг бир чеккасидан чиқиб кетаверади. Сиз ўзингизни сиқманг. Мен «сотинг», десам-у сиз «йўқ» десангиз ҳижолат бўлсангиз ярашарди. Кўнгилга қараб ишингизни қилаверинг. Ўғлингиз ҳам истаганидан қолмасин. Сиз билан биз яхши қўшни эдик. Худо хоҳласа яқинлигимиз узилмайди. Мен уй масаласида бир-икки одамга тайинлаб қўйганман. Чақириб «навбатингиз келди», деса ажабланмай, тортинмай олаверинг.
— Раҳмат, барака топинг.
— Бу менинг хизматим эмас, уй олишга хаппаи-ҳалол ҳаққингиз бор. Сиз «уй сотилади», деб овоза қилаверинг.
— Сиз… олмайсизми?
— Овоза қилаверингчи, одамлар келиб кўришсин, баҳолашсин. Охирги қарорга келишингиздан олдин менга хабар берарсиз.
Асадбек «маслаҳат якунига етди, қани, дуо қилинг», деган маънода қўлларини фотиҳага очди.
Асадбекнинг қайтишини кутиб нонушта қилишмаган экан. Барчаларининг жам бўлиб ўтиришлари, айниқса Абдуҳамиднинг тетиклашиб, иштаҳага кираётганидан Асадбекнинг кўнгли равшанлашди. Дастурхон атрофида тўйга тааллуқли айрим гапларни ҳам гаплашиб олишди.
Келинлар дастурхонни йиғиштиришаётганда Асадбек икки кунга Тблисига бориб келажагини маълум қилиб, Манзурани ҳайрон қолдирди.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК