Урушда ҳақиқат бўлмайди...
Папанай қишлоғидаги йиғи ...ёки менинг Афғонистон ҳақидаги илк тасаввурим Ўшанда 1987 йил эди чамамда. Биз бир гуруҳ собиқ комсомол фаолларини Нурота туманининг Папанай қишлоғидан Афғонистонга ҳарбий хизматни ўташ учун борган ва жангда ҳалок бўлган бир аскарнинг дафн маросимидан кейин қабристонда ўтказилаётган “Советча мажлис” га олиб боришди. Марҳумнинг бўзлаб уввос солиб йиғлаётган жигарларини кўриб қалбим эзилиб кетган эди. Мажлис марҳум дафн этилгандан кейин иккинчи кунга тўғрилаб ташкил этилган шекилли, қабр бошида фарзанд доғида куйиб йиғлаётган онаизор ва марҳумнинг кўпчилик қариндошлари бор эди. Ўшанда афғон уруши қаерда рўй бераётгани, нима учун жанг бўлаётгани-ю, шаҳид кетган йигитларнинг гуноҳи нимада эканлигига ақлим етмаган. Аммо...фарзанд доғида куйиб йиғлаётган онанинг нолаларини кўриб,марҳумни ўлдирган душманлардан бир кун улғайиб, қасос олишни ният қилганман... Ниҳоят мактабни тугаллаб Университетнинг журналистика факультетига ўқишга кирдим. Ўша пайтлар журналистика факультетига Афғонистон республикасидан келиб таҳсил олаётган талабалар билан суҳбатда бўлдим.Уларнигнг баъзилари оилали эди, баъзилари биз билан рус тилида чала-чулпа гаплашар эди. Уларнинг баъзилари Тошкентдаги тинчликдан завқланиб яшаса ,баъзиларида аламзада муносабат ҳам бор эди. Биздан 3 курс юқорида ўқийдиган истеъдодли ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг ўша пайтдаги даврий нашрларнинг деярли ҳар бирида Афғонистон жанги ҳақидаги ёниқ қалб билан ёзилган мақолаларини берилиб ўқирдик. Эндиликда менинг Афғонистон ҳақидаги тасаввурларим бошқача,кенгроқ, аммо аянчли эди. Ҳаётни жим кузатиб бўлмайди Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида айни вақтда 44 нафар афғон уруши қатнашчилари бор. Улар 1979 йилдан дастлаб, Афғон урушига чақирилган ва урушнинг охирги кунларигача қатнашган ,баъзилари соғлом,баъзилар иногиронлик билан урушдан қайтган инсонлар-дейди, Мирзачўл тумани”Ветеран”жангчи фахрий ва ногиронлари бўлими бошлиғи Аваз Ўлжаев. Аъзоларимиз ёши тури тоифада. Фаолиятимиз асосан Вазирлар Маҳкаамсининг 2014 йил 19 мартдаги “Ўзбекистон жангчи фахрийлар байналминалчилар бирлашмаси фаолият ва моддий техник базасини такомиллаштириш тўғрисида”ги баённомасига кўра, ҳар йили режа асосида иш олиб борамиз. Мавжуд 20 та умумтаълим мактаби, 14 мактабгача таълим муассасаларида, коллежларда, мавжуд барча маҳаллаларда доимий тарзда учрашувлар ўтказиб борамиз. Яқинда 45 нафар мактабгача таълим муассасаларида болажонлар учун расм чизиш дафтари ва ўқув қуроллари совға қилдик. 42 ёшида ҳаётдан кўз юмган афғон уруши қатнашчиси марҳум Шомурод Эргашев оила аъзоларинг ҳолидан хабар олиб, хотира турнири ўтказиб, спорт мусобақасида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга совға-саломлар улашдик. Аввало ёшларимиз биз кўрган жангу азобларни кўрмасин, улар ҳар жиҳатдан баркамол, жисмоний ва маънавий етук бўлиб воляга етишсин. Юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, биз ҳам шу юрт учун, унинг равнақи учун ҳисса қўшгимиз келади. Уруш кўрган одам ҳаётни тинч кузата олмайди. Аммо, қалбда эзгулик бўлса, инсон яхшиликка қўл ургиси, ниманидир яратиш ишқи билан ёнаверади. Яқинда туманимизда музей ҳам ташкил этилаяпти, имкони бўлса унга афғон уруши қатнашчиларининг фотсуратлари, эсдаликларини қўйиш ниятимиз бор. Бу ташаббусимизни музей ташкилотчилари қўллаб-қувватлашларини истар эдик. Биз тарих саҳнасида турли сиёсий тўқнашувлар орқали рўй берган мудҳиш жанг иштирокчиларимиз. Аммо ...эндиликда инсоният уруш кўрмаслигини истасакда, ҳар қачон ва ҳар доим Ватан ҳимоясига шай туришимз, ҳушёр бўлишимиз даркор. Ўтган йили Мирзачўлдаги 1-умумтаълим мактабида таҳсил олган Россия қаҳрамони, Россия Давлат думаси депутати, Генерал полковник Владимир Анатольевич Шамановнинг туманимизга ташрифи ва биз собиқ афғон жангчилари билан алоҳида учрашуви бизнинг кўнглимизни кўтариб юборди.Туманимиздаги инсоният тарихидаги биринчи косманавт Юрий Гагарин ҳайкали пойида ҳар йили космонавтика кунига бағишлаб ўтказиладиган тадбирларда фаол қатнашамиз. Хотиралар, хотиралар, хотиралар... “Афғон урушига чақирилганимда Самарқандда қурилиш институтини энди тугаллаб келган эдим дейди,-Аваз ака Ўлжаев. Афғонистоннинг Баграм шаҳрида разведкачи бўлиб 1,5 йил хизмат қилдим. Афғонистон билан боғлиқ хотираларни эслаш оғир. Аваало, биз тарихнинг оғриқли тўқнашувларига гувоҳи бўлдик. Жангда қанчалаб бегуноҳ инсонлар ўлиб кетди, қанчаси ногирон, майиб мажруҳ қайтди. Бугун уларнинг жамиятдаги аҳволи қандай? Улар кимга ва нимага хизмат қилди?..Бугун бу савол кўпчиликка зерикарлидай. Шу боис биз ҳам ҳаётдан узилиб қолмасдан Ўзбекистонга ёрдамимиз тегишини, истаймиз. Армиядан қайтиб келгач, кўп йиллар қурилишда ишладим.Чўл бағрида барпо этилган иншотлар қурилишига ҳисса қўшдим. Ҳозирда нафақага чиқдим. 5 фарзанд 7 невара кўрдим. Ҳаётимдан мамнунман. Афғонистон халқини бугунги 21 асрда ҳам урушдан озод ва тинч яшаши тарафдориман.” “Афғонистонда Ҳирот шаҳрида мотоўқчилар қисмида хизмат қилдим -дейди, яна бир суҳбатдошим Пардабой Бойзоқов. Мотоўқчилар зиммасига урушда энг маъсулиятли вазифа юкланади. Афғон жанги билан боғлиқ хотиралар эсимга тушса, ҳалигача ўзимга келолмайман. Сабаби у ерда ўлдирмасанг, ўлдиришади. Даҳшатли жангда Оллоҳнинг энг суйган бандаларигина омон қолишади. Афғонистон тоғлари ниғоятда баланд, унинг ортида ўз юртинг Ўзбекистон турганини ҳис этасан ва у ерга омон қайтишни хоҳлайсан. Жангдан яраланиб қайтгач, 3 маротаба Тошкентда, 5 маротаба Ленинградда операцияни бошдан кечирдим. Ҳозирда 2-гуруҳ ногирониман.”Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлар бўлими аъзолари билан турли учрашувларда фаол қатнашиб тураман. Назаримда бизнинг энг маънавий кўмакчиларимиз қалам аҳли .Абдурашид Нурмуродовнинг”Қонли йўргаклар”, Қўчқор Норқобилнинг”Дарё ортидаги йиғи” китобларини берилиб ўқиганман. Уларда жанг иштирокчиларининг ҳаёти тасвирланган, Холмуҳаммад Каримнинг шу мавзудаги китоби доимо ёнимзда туради. Бир воқеани имкониятдан фойдаланиб айтмоқчиман.Уруш –йўқотиш, қурбонлар, эвазига рўй беради. Ўша пайтдаги фарзандлари Афғонистонга борган ота-оналарнинг аҳволини тасаввур қилинг. Бизга ҳарбий қисмда уйга хат ҳам ёзиш мумкин эмасди, сабаби кўп нарсалар сир тутиларди. Устимизга бизнинг бўйсунишимиз тўғрисида турли варақаларни самолётдан ташлаб кетишарди. Қоғоз топилмагач, ўшанинг орқасига уйга хат ёзганман. Хат уйга келгач, араб имлосига ўхшаб кетадиганг хатнинг орқасидаги ёзувни ўқиб беришни илтимос қилиб, қишлоқ мулласига олиб бориб беришибди. Мулла ҳам ақлли одам экан, хатдаги ёзувни тушунмасада, ўғлингиз тинч ва бардам экан, ҳеч ҳам хавотир олманг деб жавоб қайтарган экан. Истагим инсоният сира ҳам уруш кўрмасин. Дунёнинг файзи ва кўрки тинчликда биродарлар.” Бу йил собиқ совет қўшинлариннинг Афғонистондан олиб чиқилганига 31 йил тўлади. Тарихда рўй берган бу фожиа азоблари ҳалигача уруш қатнашчиларини тинч қўймайди. Улар моддий ҳам маънавий ҳам биздан эътибор кутади.Суҳбатдошим айтганидай, дунёнинг файзи ва кўрки тинчликдандир. Уруш эса тўқнашувлар оқибатидир. Унинг синоатларини топишга кўп ҳолларда инсон ожизлик қилади. Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов ёзганидай:”Уруш ҳақиқатнинг қиёфасини тескари қилиб қўяди...Урушда ҳақиқат бўлмайди” Чинданда, шундай. Ўлжабой Қаршиев