Роналдунинг орзуси: 2030 йилги жаҳон чемпионатида ҳам ўйнаш
Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клуби ҳамда Португалия терма жамоаси юлдуз ҳужумчиси Криштиану Роналду 2030 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконияти ҳақида ўз фикрларини билдирди. Бу вақтга келиб у 45 ёшни қарши олади.
Роналдунинг таъкидлашича, у ҳали ҳам энг йирик футбол форумида майдонга тушиш режасидан воз кечмаган.
“Мен 2030 йилги жаҳон чемпионатида ўйнаш имкониятидан ҳали воз кечганим йўқ. Ҳозир 41 ёшимда ҳар ҳафта гол ураяпман, эҳтимол яна тўрт йил давомида ўйнашим мумкин”, — деди у DAZN журналистларига берган интервьюсида.
2030 йилги жаҳон чемпионати тарихдаги энг ноодатий форматлардан бири бўлади. Турнир олти давлат — Уругвай, Аргентина, Парагвай, Испания, Португалия ва Марокашда ўтказилиши режалаштирилган. Дастлабки ўйинлар Жанубий Америкада бўлиб ўтади, асосий босқич эса Европа ва Африкада ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги жаҳон чемпионатида Роналду етакчилик қилаётган Португалия терма жамоаси “К” гуруҳида Ўзбекистон, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси билан куч синашади.
Португалиянинг жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижаси ҳозиргача 1966 йилда қўлга киритилган — у пайтда жамоа учинчи ўринни эгаллаган.
Футбол афсонаси ҳали ҳам катта саҳнани тарк этмоқчи эмас ва янги тарих ёзишга интилмоқда.