Бақоев «Сўғдиёна»нинг мавсумдаги илк ғалабаси ҳақида нималар деди?
«Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев Суперлига 7-тури доирасида «Қизилқум»га қарши (3:1) бўлиб ўтган ўйиндан кейин ўз фикрларини билдирди.
— Ўйин ҳақида фикрингиз?
— Ўйин яхши бошланди. Иккала жамоа ҳам ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда фаол ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда гол уришга эришдик. У ўша эпизодда хатони ким қилганини аниқ айтиш қийин — яримҳимоячими ёки ҳимоячими. Кейин иккинчи голни ҳам урдик ва танаффусга устунлик билан чиқдик. Иккинчи бўлимда эса тезкор қарши ҳужум орқали яна бир бор гол киритдик. Охирида эса бир тўп ўтказиб юбордик.
Жамоамизни мавсумдаги илк ғалаба билан табриклайман. Бугун майдонга тушган ҳар бир футболчи бор имкониятини берди, тартибли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилди. «Қизилқум» жамоасига эса кейинги ўйинларда омад тилайман.
— Илгари аксар мураббийлар U-21 жамоаси ўйинлари бир кун олдин бўлиши кераклиги ҳақида норозилик билдиришганди. Ҳозир 7-тур ўтди, лекин ҳеч бир бош мураббийни U-21 ўйинларида кўрмадик. Шу мавзуни кўтариш қанчалик тўғри эди?
— Бу саволга жавоб бериш мен учун осон эмас. Лекин ҳурмат юзасидан фикр билдиришга ҳаракат қиламан. Балки бош мураббийларда вақт етишмаётгандир, ёки U-21 ўйинларига ёрдамчи мураббийлар бораётгандир.
U-21 мусобақасининг асосий мақсади — ёш футболчиларни кўриб чиқиш ва истеъдодлиларини асосий жамоага жалб қилиб рақобатни кучайтириш. Ҳозир замонавий даврдамиз: барча ўйинлар видео орқали кузатилмоқда, маълумот олиш имконияти етарли. Шахсан мен учун U-21 ўйинлари асосий жамоа ўйинидан бир кун олдин бўлиши тўғри қарор. Чунки ажралиб турган ёш футболчи эртаси куни асосий қайдномага кириш имконига эга бўлади.
Бизда эса ёрдамчиларимиз доим U-21 ўйинларини жойида кузатиб боради. Кеча асосий жамоадан уч футболчини U-21га юбордик ва улар ҳақида хулоса олдик. Бошқалар ҳақида гапира олмайман, лекин биз U-21 жамоасини доим назорат қилиб келяпмиз.
— Бугунги ғалабанинг асосий сабаби нимада бўлди?
— Иккала жамоа ҳам ўйиндан олдин қийин вазиятда эди. Рақиб олдин ғалаба қозонган, биз эса ҳали ютуққа эга эмас эдик. «Қўқон-1912»га қарши ўйинда 2 гол урган бўлсак ҳам, ғалабани ушлаб қола олмаганмиз. «Динамо»га қарши эса 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб, кейин 2 гол ўтказиб юборганмиз. Шунинг учун футболчиларни аввало руҳий жиҳатдан тайёрлаш муҳимлигини англадик.
Иккинчи омил — жисмоний тайёргарлик. Биз кўп ҳолатда 70-дақиқалар атрофида гол ўтказиб юбораётган эдик. Бугун ҳам 50-дақиқада «Қизилқум» хавфли ҳужум уюштириб, 20 метрдан зарба берди. Яхшиямки дарвозабонимиз голдан сақлаб қолди. Агар ўша вазиятда гол ўтказганимизда, ўйин қандай кечишини айтиш қийин.
— Дарвозабон Шоҳрух Исоқов бугун икки марта жуда яхши сейв қилди.
— Бу унинг вазифаси. Керак бўлса, икки эмас, ўн марта ҳам сейв қилиши керак. Биз унга ишонамизми, демак у ҳам ишончни оқлаши керак. Ҳозирча биз энг кўп гол ўтказган жамоалардан биримиз. Шоҳрух бу ҳолатдан хулоса чиқариши керак. Мен унинг «ноль»да ўйнашини истайман ва унга омад тилайман. Барчаси ўз қўлида, — деди Бақоев.