Улуғбек Бақоев: "Мусобақа жадвали нуқтаи назаридан 3 очко қўлга киритганимиздан хурсандман" — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
Суперлиганинг 20-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" - "Металлург" (2:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев ўз фикрларини билдирди. "Мусобақа жадвали нуқтаи назаридан 3 очко қўлга киритганимиздан хурсандман. Ўйин томонлама эса баъзида "портлаймиз", баъзида тўхтаймиз... Футболда гол уриш ва тўп ўтказиб юбормаслик муҳим", – дейди Улуғбек Бақоев. - Ўтган турда жароҳат олган Насриддинов ва Қулматовнинг ҳолати қандай? - Менимча, Даниэль Насриддинов ва Сардор Қулматов 2-3 ҳафтани ўтказиб юборади. Бугун ҳам иккита жароҳат бўлди. Умид қиламанки, улар тезда сафга қайтишади. - Кейинги турдаги рақиб "Андижон" сўнгги пайтда жуда яхши ўйнамоқда... - Ҳар бир жамоанинг ўз мақсади бор: "Андижон" лигада қолиш учун, биз эса медаллар учун курашяпмиз. Қизиқарли ўйин бўлади. Тайёргарлик кўрамиз ва уёғини вақт кўрсатади. - Чемпионат тугашига 6та тур қолди. Жамоангиз ОЧЛга йўлланма олишига қанчалик ишоняпсиз? - Албатта, мураббийлар штаби футболчиларга ишонади. Бу футбол, унда кутилмаган натижалар бўлиб туради. Умид қиламизки, ҳаммаси яхши бўлади ва мухлисларни хурсанд қилишда давом этамиз. Энг асосийси, клуб раҳбарияти бизни қўллаб-қувватлаб турса бўлгани.