Равшан Эрматов сўнгги ўн йилликнинг энг яхши ҳакамлари рўйхатига киритилди
У футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини энг кўп бошқарган рекордчи ҳакам ҳисобланади.
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) сўнгги ўн йилликнинг энг яхши реферилар рўйхатини тузди.
Ушбу рўйхатга ўзбекистонлик футбол рефериси Равшан Эрматов ҳам киритилди.
2011-2020 йиллар оралиғида IFFHS ҳакамларнинг ҳар бир йилдаги рейтингини олди ва шу орқали уларни баҳолади. Йил ҳаками бўлганларга 20 балл, 2-ўриндагиларга 19 балл, 3-поғонадагиларга эса 17 очко берилди ва 20-ўринга қадар шу тақлид баҳоланди.
Унга кўра, энг яхши ҳакам деб германиялик Феликс Брих (141 балл) топилди. Ундан 1 очкога ортда қолган туркиялик Жунайт Чақир эса 2-бўлди. Кучли учликни нидерландиялик Бьорн Кюйперс якунлаб берди.
Ўзбекистонлик Равшан Эрматов эса 33 балл билан 16-ўриндан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Равшан Эрматов беш марта Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган.
У фаолияти давомида учта Жаҳон чемпионатида қатнашиб, бош ҳакам сифатида 11 ўйинни бошқарган ва бу кўрсаткич бўйича рекордчи ҳисобланади.