Ҳомиладор она туғилмаган фарзандини 50 млн сўмга сотмоқчи бўлди
Тўрт ойлик ҳомиласи бор аёл оғирмоддий шароити сабаб фарзандини сотишга уринди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра,Бухоро вилоятида 22 ёшли Мафтуна Р. фуқарога тўрт ойлик ҳомиласини соғлом ҳолда туғиб, 50 млн сўм эвазига сотишни таклиф қилган.
Аниқланишича, ўтган йилнинг декабрида Мафтуна Р. официант бўлиб ишлаган вақтида мижоз Фозила Э. билан танишиб, унга ҳомиладор эканлигини, тўрт ойлик ҳомиласи борлиги ва моддий жиҳатдан қийналаётганлиги, келгусида туғилажак фарзандини моддий томондан таъминлай олмаслигини, фарзандини сотиш нияти борлигини маълум қилади.Тўрт ойлик ҳомиласини соғлом ҳолда туғиб, 50 млн сўм эвазига сотишни таклиф қилиб, аванс тариқасида 25 млн сўм сўрайди.
Жорий йилнинг 6 январь куни соат 19:00 да ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳридаги "Ал-Пари" ресторани олдида Мафтуна Р. фуқаро Фозила Э.дан 20 млн сўм ва $500 долларни олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича Мафтуна Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 25,135-моддаси 1-қисми (одам савдосига суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган.