Ўзбекистон “илк маротаба Афғонистон орқали Покистонга юк етказиб берди”. Покистон бир йил олдин шундай баёнот берган эди
Ўзбекистонлик ҳайдовчилар илк маротаба Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон йўналиши бўйлаб юк ташувларини амалга оширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 17 июнь куни маълум қилди.
“Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешавoр – Карачи йўналиши бўйлаб 2760 км йўлни босиб ўтган ўзбекистонлик ҳайдовчилар Карачи портидан ортилган юкни (музлатилган гўшт) бир ҳафтада Тошкент шаҳрига етказиб келди”,-дейилади хабарда.
Вазирликнинг таъкидлашича, уч томонлама саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлатлари ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини ташкил этиш, ушбу транспорт коридорининг тўлақонли фаолият юритиши, юкларнинг қисқа фурсатларда, хавфсиз равишда белгиланган манзилига етказилиши таъминланмоқда.
Бундан бир йил олдин – 2021 йилнинг 13 майида Покистон савдо вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси қўшма баёнот тарқатган ва “Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистонга биринчи юкни етказиб бергани” тўғрисида маълум қилган эди.
“11 май куни ўзбек давлат рақамига эга бўлган юк автомашинаси Афғонистон транзит маршрутини икки кунда босиб ўтиб Пешавордаги Тўрхам назорат ўтказиш пунктига етиб келди. Мазкур юк автомашинаси Покистон тери фабрикаларига тери маҳсулотларини олиб борган”,-деб иқтибос келтирган баёнотдан Pakistan observer нашри.
Ўшанда Ўзбекистондан Покистоннинг Лаҳор, Карачи, Таксила ва Файсалобод шаҳарларига кўмир, минерал ўғитлар ва текстиль маҳсулотлари экспорт қилиниши режалаштирилаётгани билдирилганди. Хабарда 2021 йил охиригача юк ташувчи автомашиналар сони 50тага етказилиши айтилган.
2021 йилнинг ноябрь ойида Покистон Ўзбекистон транзити учун божхона расмийлаштирувини соддалаштирган.