Бош прокуратура Sizdan Telegramда чоп этилган муштарий хатини ўрганиб чиқди
Ўзбекистон Бош прокуратураси Sizdan Telegram рукнида "ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН – Вазир ўз қарамоғидаги спорт мактаби аҳволидан бехабар" сарлавҳаси билан 22 август куни чоп этилган муштарийнинг мурожаатига муносабат билдирди:
"Беруний туманидаги болалар ва ўсмирлар сув спорти мактаби ачинарли ҳолга келиб қолганлиги, мактаб директори мактабни ўз манфаати йўлида фойдаланиб келаётганлиги, ходимларни тозалаш ишларига мажбурлашаётганлиги, Спорт вазирлиги бу каби масалага масъулиятсизлик билан қараётганлиги ҳақидаги хабар Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида сув ҳавзасида ишловчи ходимлар иш вақтида мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганликлари, улар умумхалқ ҳашарларидан ташқари жамоат ишларига жалб қилинмаганликлари, сув ҳавзасига спорт мактаби ўқувчиларидан бошқа шахсларни киритилмаслиги, мактаб директори сув ҳавзасидан ўз манфаати йўлида фойдаланмаслиги аниқланди.
Шунингдек, мутахассислар иштирокида сув ҳавзасининг санитария ҳолати ўрганилганда, ҳафтанинг шанба кунлари санитария-тозалаш куни сифатида белгиланганлиги, сув ҳавзаси хлор ва зарарсизлантирувчи воситалар билан тозаланиб келинаётганлиги, сув ҳавзасининг ҳолати санитария талабларига жавоб бериши аниқланган.
Ўрганишда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли сув ҳавзасида содир бўлаётган қонунбузилишлар ҳақида ёзма ёки оғзаки мурожаатлар келиб тушмаганлиги маълум бўлган".
Бош прокуратуранинг муносабат билдиришига мана бу хабар сабаб бўлди:
БЕРУНИЙ. "Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидан ёзмоқдамиз. Туманимиздаги болалар ва ўсмирлар сув спорти мактаби ачинарли аҳволга келиб қолган. Мактаб раҳбари сув ҳавзасидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, абгор қилган. Ходимларни тозалаш ишларига мажбурлаш эса давом этмоқда. Ушбу масалада Спорт вазирлигига мурожаат қилсак, бу иш билан прокуратура шуғулланади, деди вазир. Ахир, ўз қарамоғидаги мактаб фаолиятини вазир ҳам назорат қилиши керак эмасми?"
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
******************************************************************************
Резюме
"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************
Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!