Афғонистонда “Ислом давлати” жангарилари етакчиси ўлдирилгани хабар қилинди
![Афғонистонда “Ислом давлати” жангарилари етакчиси ўлдирилгани хабар қилинди](https://gdb.rferl.org/793C8425-84F3-4B41-8F88-7DD0F77190DA_w800_h450.jpg)
Афғонистон расмийлари Нангарҳор вилоятида мамлакатдаги “Ислом давлати” жангарилари етакчиси Абу Саад Эрҳабий ўлдирилганини билдирди.
Миллий хавфсизлик бошқармасига кўра, 25 август куни амалга оширилган амалиётда Эрҳабий билан яна 10 нафар жангари ўлдирилган. Шунингдек, жангариларнинг кўплаб қурол-аслаҳаси ҳам йўқ қилинган.
Мазкур хабар "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи томонидан ҳали тасдиқлангани йўқ. Жангари гуруҳнинг Amaq ахборот агентлиги ушбу ҳолатни ҳали изоҳлагани йўқ.
Баъзан "Хуросон Ислом давлати" деб аталувчи жангарилар гуруҳи Нангарҳор вилоятида илдиз олган ва ҳозирда мамлакатда энг хавфли гуруҳлардан бири ҳисобланади.
Афғонистондаги "Ислом давлати" жангарилари сони номаълум. АҚШ армияси ҳисобларига кўра, уларнинг сони 2000 га яқин.