Microsoft: Рус ҳакерлари сайлов арафасида АҚШ сиёсий гуруҳларига ҳужум қилишга уринмоқда
Microsoft ширкати АҚШда ноябрга белгиланган сайловлар арафасида рус ҳакерлари мамлакатдаги сиёсий гуруҳларга ҳужум қилишга уринаётгани аниқланганини билдирди.
Хусусан, Россия ҳукуматига алоқадор ҳакерлар гуруҳи Кремлни танқид қилиб келаётган икки консерватив тадқиқот маркази: Hudson Institute ва the International Republican Institute институтлари сайтларининг сохта нусхаларини яратган.
Шунингдек, Россия ҳакерлари АҚШ Сенатига тегишли қилиб кўрсатилган уч сохта сайтни йўлга қўйган.
Microsoft ҳакерлар гуруҳини Strontium деб атади. Бошқалар уни Fancy Bear ёки APT28 деб атайди.
АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер бу ҳакерлар Россиянинг ГРУ разведка агентлигига алоқадор эканлигини аниқлаган. 2016 йилги АҚШ президенти сайловида айни ҳакерлар демократ номзод Ҳиллари Клинтон ҳамда Миллий демократик қўмита электрон мактубларини ўғирлаб, уларни тарқатган эди.
Рус ҳакерлари яратган сохта сайтлар фойдаланувчиларни вирус тарқатиш, яширин кузатиш ҳамда маълумот ўғирлашни кўзловчи дастурларга етакловчи линкларни босишга ундайди.
Microsoft президенти Брэд Смит ҳакерлар юқорида тилга олинган изланиш марказлари компьютерларига қилган ҳужум муваффақиятли бўлмаганини айтди.