CАМАРҚАНД – "200 кишини иш билан таъминламоқчиман, аммо маҳаллий раҳбарлар ер бермаяпти"
ИШТИХОН. "Мен – Марям Достонбекова, Самарқанд вилояти Иштихон тумани Митан шаҳарчасидан ёзмоқдаман. Ёшим 22 да. 2017 йил 20 сентябрда 10 гектар ер ажратишларини сўраб, Иштихон тумани халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Дастлаб ер йўқ, дейишди. 25 октябрь куни қайта мурожаат қилганимдан кейин Зарбанддан ер ажратиб берилиши режалаштирилган, дея жавоб қилишди. Лекин бу жойларда деҳқончилик қилиб бўлмайди, сув йўқ. Ер остидан сув чиқараман десангиз, электр ҳам йўқ. Туманимизда гектар-гектар жойларни олиб, маблағи бўлмагани учун бир неча йилдан бери экин экмай юрганлар бор. Президентнинг қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида фармонига кўра, бу жойлар текширилиб, экин экилмаган бўлса, давлатга олиб қўйилиши ва чинакам деҳқонларга бериши керак.
Сув борадиган ер йўқ, деб аравани қуруқ олиб қочишяпти. Бир йилдирки, сарсон-саргардон бўлиб юрибман. Ҳолбуки, мен 200 тагача доимий иш ўрни яратмоқчиман. Ток ҳосилга киргач, иш ўрни янада кўпаяди.
Республикага – Президентимизга ва Бош прокурорга ҳам ариза йўлладим. Бош прокуратурага йўллаган аризам айланиб-айланиб Иштихон тумани прокурорига келибди. Мен, ахир, туманда талабим қондирилмагани учун ҳам Тошкентга ариза йўллаган эдим. Жорий йил 6 июнь куни Президентимизга юборган аризамга эса ҳалигача жавоб берилгани йўқ.
Биз ҳуқуқий демократик давлат барпо этишни мақсад қилган эканмиз, аввало қонун устуворлиги таъминланиши, янги ғоя ва ташаббус эгалари қўллаб-қувватланиши керак. Президентимизга мурожаатларим етиб бормаётгани сабаб, "Сиздан Телеграм" орқали мурожаат қилмоқдаман. Ҳурматли Шавкат Миромонович, фермер бўлиб кўплаб иш ўринлари яратмоқчиман. Бунинг учун эса ер майдони керак. Ер олишимда амалий ёрдам беринг".
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
******************************************************************************
Резюме
"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************
Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!