Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг 17-18 августда Тошкентга келиши айтилмоқда
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 17–18 август кунлари Тошкентга давлат ташрифи билан келади. Бу ҳақда Kun.uz нашри ўз манбаларига, "Газета уз" нашри эса "Халқ сўзи" газетасига таянган ҳолда хабар берди.
Бироқ бу борада Ўзбекистон ҳукумати расмий сайтларида ҳозирча маълумот берилмаган.
Kun.uz нашрининг ёзишича, ташрифнинг биринчи кунида Тошкентда ўзбек ва тожик санъаткорлари иштирокида катта концерт дастури бўлади. Эмомали Раҳмон ташрифининг иккинчи кунида Самарқанд шаҳрига боради.
Тожикистоннинг Asia-plus агентлигининг билдиришича, Раҳмоннинг ташрифи диорасида жами 23та янги ҳужжат ва битим имзоланиши кутилмоқда.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга сўнгги марта расмий ташриф билан 1998 йилнинг январида келган эди. Шунингдек, у 2016 йилнинг 3 сентябрида биринчи президент Ислом Каримовнинг дафн маросимида иштирок этиш учун Самарқандга келган эди.
Шу йилнинг 9–10 март кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга давлат ташрифи билан борган эди.