Президент Шайхонтоҳур туманида ёзувчилар учун қурилаётган уйларни бориб кўрди
Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Камолон маҳалласида ёзувчилар учун қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
“Шавкат Мирзиёев қуриб битказилган хонадонлардан бирини ва мактабгача таълим муассасасини кириб кўрди. Оилаларнинг тинч-фаровон яшаши, болаларнинг баркамол бўлиб улғайиши учун зарур шароитларни яратиш бўйича топшириқлар берди”, дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Мазкур қарорга асосан Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали кўп қаватли уй қурилади.
Қарорда Қорақалпоғистон ҳамда вилоятларда ҳокимликлар томонидан 2018-2021 йилларда ҳудудларда яшаётган у-жойга муҳтож Уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар ажратиш бўйича кўрсатма берилган.