Талабалари бир-бирларини пичоқлаган Тошкент юридик коллежи собиқ директори беш ярим йилга қамалди
Тошкент юридик коллежи собиқ директори Наталья Темирова 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. “Газета.uz" нашрининг билдиришича, ҳукм Тошкент шаҳри Учтепа туман жиноят ишлари бўйича судида 10 август куни ўқилди.
Наталья Темирова, бундан ташқари, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баробари миқдорида, яъни 52 421 250 сўм жаримага тортилди.
Коллежда иш юритувчи котиб ва ходимлар бўлими инспектори бўлиб ишлаган Абдулазизжон Салимжоновга эса 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 310 баробари миқдорида, яъни 46 430 250 сўм жарима жазоси тайинланди.
Темирова ва Салимжонов коллеж маблағларини кўп миқдорда ўзлаштириш, мансабини суиистеъмол қилиш каби жиноятларни содир этганликда гумонланиб, шу йилнинг январь ойида қамоққа олинган эди.
2017 йилнинг 6 октябрь куни мазкур коллеж ҳудудида 3-курс талабалари ўртасида жанжал чиққани, Саидкамрон Саидвоҳидов ўзининг икки коллеждоши — Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориевга пичоқ билан тан жароҳати етказгани тўғрисида Озодлик хабар қилган.
Жабрланувчиларнинг бири — Асадбек Парпибоев шифохонага олиб борилганида кўп қон йўқотишдан вафот этганди.
7 октябрь куни коллеж директори Наталья Темирова ўз лавозимидан озод этилган.