Украинада отишма сабаб даниялик икки журналист яраланди
Украинанинг Ахтирка шаҳрида юз берган отишма сабаб Даниялик икки нафар журналист яраланди. Улар Полтава касалхонасига ётқизилди, дея хабар бермоқда мамлакат Миллий полициясига таяниб Интерфакс-Украин ахборот агентлиги.
«Суми вилоятида отишма чоғида хорижлик журналистлар жароҳат олди. Айни дамда Дания фуқароларига Полтава вилоят клиник шифохонасида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», — дейилади Миллий полициянинг twitter’даги саҳифасида.
Қайд этилишича, шифокорлар ярадорларнинг аҳволини ўртача оғир деб баҳолаган. Дания элчихонаси вакилларига хорижлик журналистларнинг аҳволи юзасидан маълумот берилгани айтилади.