НАТО Украина билан боғлиқ вазият туфайли Шарқий Европага кема ва қирувчи учоқлар йўлламоқда
НАТОга аъзо мамлакатлар Украина билан боғлиқ вазият туфайли ўз кучларини шайлик ҳолатига келтирмоқда ва Шарқий Европага қўшимча куч – кемалар ва қирувчи учоқларни йўлламоқда. Бу ҳақда Шимолий Атлантика иттифоқининг расмий сайти маълумот тарқатди.
Дания Болтиқ денгизига фрегат жўнатган ва ҳаво ҳудудида навбатчилик қилиш миссиясини дастаклаш учун Литвага тўртта Ғ-16 қирувчи учоғини йўллашга ҳозирланмоқда.
Испания НАТО ҳарбий-денгиз кучларига қўшилиши учун ўз кемаларини юборган, шунингдек Болгарияга қирувчи учоқларни йўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Франция ўз аскарларини Руминияга ташлашга тайёрлигини билдирган. Ҳолландия Шарқий Европа ҳаво ҳудудини қўриқлаш учун иккита Ғ-35 қирувчи учоғи, битта кема ҳамда қуруқликда ҳарақат қилувчи бўлинмаларни Болгарияга юборади.
АҚШ эса Шарқий Европадаги кучларини ошириш имкониятини ўрганаётгани ҳақида баёнот берган.
“Бизга қўшимча кучлар тақдим этаётган иттифоқчиларимизни олқишлайман. НАТО ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради. Биз хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашувига ҳамиша ўз вақтида муносабат билдириб, жамоавий мудофаани мустаҳкамлаймиз”, деган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.
2021 йил март ойида Conflict Intelligence Team тадқиқотчилари Россия армияси артиллерия ва танкларни, мотоўқчи ва десантчи ҳарбий бўлинмаларни Украина билан чегара яқинига келтираётгани ҳақида ёзган. Украина билан чегарадош Воронеж вилоятида ҳатто “Искандер” ракета мажмуалари борлиги аниқланган. 2022 йил январида CIT Россия шахсий таркиб ва ҳарбий техникани ғарбий чегараларига ташлаётганига доир янги далилларни эълон қилган.
АҚШ ва Европа, Россия қўшинлари чегарадан ўтган тақдирда, кескин санкциялар жорий этишга тайёрлигини билдирган. Москва ҳарбий амалиётга ҳозирланаётганини рад этиб келяпти, қўшинлар ҳаракатини эса ҳарбий машқлар, деб изоҳламоқда.