Керчь воқеасида жабрланган ўн киши жонлантириш бўлимида ётибди
Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги Керчь Политехника коллежида содир бўлган отишма ва портлаш натижасида жабрланганлардан беш киши комада қолмоқда. Шифокорлар уларнинг ҳолатини барқарорлаштиришга уринишаяпти.
Жонлантириш бўлимида жами 10 киши ётибди. Бу ҳақда “Россия 24” телеканали эфирида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Вероника Скворцова хабар қилди.
Ўз навбатида, Кремль назорати остида бўлган Қрим раҳбари Сергей Аксенов коллежда отишма уюуштирган талаба жиноятга тайёргарлик кўргани ва олдиндан патронлар сотиб олганини маълум қилди. Октябрь ойида у ов қуроли учун рухсатнома олган. Талаба ўт очган қурол унда қонуний асосда сақланган.
"Интерфакс" манбаси, дастлабки маълумотларга қараганда, жиноятчи ўқитувчилар билан низолашиб қолганлиги боис отишма уюштирган бўлиши мумкинлигини айтган.
17 октябрь куни Керчь Политехника коллежидаги ҳужум натижасида, охирги маълумотларга кўра, камида 19 киши ҳалок бўлган, 70 нафарга яқин одам жабрланган. Ўқув муассасасига ҳужумни коллеж талабаси, 18 ёшли Владислав Росляков содир этган. У ўз жонига қасд қилган.
Россия тергов қўмитаси Керчдаги коллеждаги портлаш ва отишма тўғрисидаги жиноят ишини жамоатчилик учун хавфли усул билан икки ёки ундан ортиқ кишини ўлдиришга оид моддага қайта малакалади. Аввалроқ иш террорчилик ҳаракати моддаси бўйича қўзғатилган эди. Москва назорати остида бўлган Қрим ҳукумати яриморол ҳудудида уч кунлик мотам эълон қилди.