Айримачи Луганскда давлат тўнтариши содир этилгани айтилмоқда
Россия матбуоти Украинанинг айримачи Луганск вилоятида қуролли давлат тўнтариши юз берганини ва айримачилар лидери Игорь Плотницкий Москвага қочганини хабар қилмоқда.
Матбуотнинг билдиришича, Плотницкий 23 ноябрь куни Луганскни тарк этган. Бироқ бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган. Плотницкий бу хабарларни инкор қилган бўлса-да, видеоблогер Константин Долгов унинг Москвага келгани тўғрисидаги видеолавҳани эълон қилди. Ёзувчи Захар Прилепин РБК агентлигига Плотницкий билан бирга Ростов-Москва рейсида учиб келганини айтмоқда.
Айни пайтда 21 ноябрь куни Луганск вилояти марказини эгаллаб олган қуролли одамлар шаҳарнинг бир қисмини тарк этгани ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетгани айтилмоқда.
Украина Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Артем Шевченко Киев Луганскдаги воқеани "террорчилар ўртасида ҳокимият ва жиноий даромадлар учун кураш", деб баҳолашини билдирди
-Луганскда биз гувоҳ бўлаётган воқеа террорчиларнинг турли лидерлари ўртасида ҳокимият учун курашдир. Уларнинг барчаси Россия томонидан бошқарилади. Улари нафақат ҳокимият учун, балки яширин иқтисод ва жиноий йўл билан топиладиган катта миқдордаги даромад учун ҳам курашмоқда,-деб айтди.
Плотницкий Луганск ички ишлар вазири Игорь Корнетни 20 ноябрда истеъфога чиқаргани ортидан 21 ноябрда айримачи вилоят марказини қуролланган одамлар босиб олган эди. Плотницкий буни “Корнет тарафдорларининг исёни”, деб атаган. Корнетнинг ўзи эса бу воқеани “Украин разведкасининг диверсиясига қарши амалиёт”, деб шарҳлаган эди.