Россияда прокуратура зўравонликдан шикоят бўлган тергов изоляторини текширмоқда
Россиялик прокурорлар Сибирдаги тергов изоляторида нозирлар у ерда ушлаб турилган кишиларга нисбатан зўравонлик қилаётгани акс этган видео тарқалгандан сўнг тергов бошлади.
Прокурорлар видеодаги воқеа 2017 йил Кемерово вилоятидаги 4-тергов изоляторида содир бўлганини айтмоқда. Унда нозирлар бир сафга тизилиб, тинтув ўтказилган хонадан олиб чиқилаётган кишиларни калтаклаётгани акс этган.
Кемерово вилояти прокуратураси 3 январда тергов бошлаганини эълон қилди. “Интерфакс” ахборот агентлиги хабарига кўра, ички тергов ўтказилган ва “ушбу нохуш ҳодисада қатнашган ходимлар қаттиқ интизомий жавобгарликка тортилган”.
Агентлик қандай интизомий чора кўрилганини очиқламади, бироқ “бундай воқеалар келгусида рўй бермаслиги учун кўрсатмалар ишлаб чиқилгани”ни билдирди.
Кейинги пайтларда ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар Россиянинг жазони ижро этиш тизимида маҳбуслар ҳуқуқи қўпол тарзда бузилаётганини акс эттирувчи видеотасвирларни кўп тарқатмоқда.
Октябрда Россиянинг шимол-ғарбида жойлашган Карелия Республикасидаги бир қамоқхона бошлиғи 5 йил олдин рўй берган воқеага оид видео ошкор бўлгандан сўнг лавозимидан четлаштирилган эди. Унда республикада маҳбусларга шафқатсизларча муносабат акс этган, аммо бошлиқ буни инкор этиб келаётган эди.