«Ҳаволаб кетсак гоҳ тортсин оёқдан турмуш ташвишлари, турмуш ташвишлари…»
(Ҳазил)
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари,
Биз сендан баландроқ тура олсайдик,
Биз сендан баландроқ юра олсайдик,
Балки ўнғаярди дунё ишлари,
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Хотин иш буюрар,
Бола йиғлайди,
Боғча деб қайгадир югурмоқ даркор.
Балки шу ташвишлар бўлмаса эди,
Шоир бўлармидим анча улуғвор.
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Қассоб оғайним бор –
Қароқчи – “пират”.
Суякни қўшмаса кўнгли тўлмайди.
Ахир, қофияни еб бўлмас, “брат”.
Наҳот сен бўлмасанг турмуш бўлмайди,
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Улуғ режалар бор менда ҳам ахир,
Хусусан, бир ишни битказмоқ даркор.
Унда қаҳрамоним ёвқур фазогир.
Кошкийди, сен шуни билсанг, нобакор
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Шириндир шу ҳаёи,
Холи фироқдан.
Майли, битмасин ҳеч унинг ишлари,
Ҳаволаб кетсак гоҳ
Тортсин оёқдан,
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.
Абдулла Орипов
(1973)