Ми-171А3 вертолётларининг серияли етказиб берилиши 2026-йилда бошланади
Россиянинг Ростех корпорацияси 2026-йилдан бошлаб тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқарилган Ми-171А3 вертолётларини серияли етказиб беришни бошлайди. Бу ҳақда корпорация раҳбари Сергей Чемезов Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Оффшор конфигурациядаги ушбу вертолёт барча сертификация синовларидан муваффақиятли ўтди. У катта сув ҳавзалари устида парвоз қилиш ва нефт-газ саноати эҳтиёжлари учун махсус мослаштирилган бўлиб, соҳа мутахассислари учун муҳим техника ҳисобланади.
Шунингдек, 2025-йилда Ростех маҳаллий VK-650В двигателлари билан жиҳозланган иккита енгил вертолётни — икки двигателли «Ансат» ва бир двигателли Ми-34М1 моделларини синовдан ўтказди. Ушбу ҳаво кемалари импорт қилинадиган аналогларни алмаштиришга мўлжалланган.
«Ансат» вертолёти аллақачон Миллий санитария авиацияси хизматида фаол фойдаланилмоқда. Ми-34М1 модели эса хорижий Робинсон ва Белл вертолётларига рақобатчи сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг серияли ишлаб чиқарилиши 2027-йилдан бошланиши режалаштирилган.