Хакерлар хакерларни нишонга олди: кибержиноятчилар ўзаро курашмоқда
Киберхавфсизлик соҳасида ғайриоддий ҳолат кузатилди: номаълум хакерлар гуруҳи ТеамПКП деб номланувчи йирик кибержиноятчилар гуруҳининг тизимларига бостириб кирди. СентинелОне компанияси ҳисоботига кўра, ҳужумчилар ТеамПКП томонидан аввалроқ эгаллаб олинган серверларга кириб, уларнинг барча воситаларини ўчириб ташлаган ва назоратни ўз қўлига олган. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
ПКПЖакк деб номланган ушбу янги кампания доирасида хакерлар булутли инфратузилмаларга тарқалувчи зарарли кодлардан фойдаланмоқда. Улар тизимга киргач, турли хил махфий маълумотлар ва фойдаланувчи ҳисоб маълумотларини ўғирлаб, ўзларининг серверларига юборишади. ТеамПКП гуруҳи яқинда Европа комиссияси ва Триввй каби йирик платформаларга қилинган ҳужумлар билан танилган эди.
СентинелОне тадқиқотчиси Алех Деламотте ушбу ҳужум ортида ким турганини аниқлаш қийинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу ТеамПКП гуруҳининг собиқ аъзолари, рақобатчи гуруҳ ёки ТеамПКП услубини ўзлаштириб олган учинчи томон бўлиши мумкин. Ҳужумчилар нафақат ТеамПКП қолдиқларини, балки Доккер ва МонгоДБ каби ҳимояланмаган хизматларни ҳам нишонга олмоқда.
ПКПЖакк гуруҳининг асосий мақсади молиявий манфаат кўришдир. Улар ўғирланган маълумотларни сотиш ёки тизимларга кириш ҳуқуқини бошқа кибержиноятчиларга пуллаш орқали даромад қилмоқда. Қизиғи шундаки, хакерлар криптовалюта майнинги билан шуғулланмайди, чунки бу жараён кўпроқ вақт талаб қилади ва уларнинг тезкор даромад олиш стратегиясига мос келмайди.