ОФК Элит лигаси формати кенгайиши мумкин: Ўзбекистонга имконият...
Осиё клуб футболида катта ўзгаришлар эшиги очилиши мумкин. Маълумотларга кўра, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси мусобақасида иштирокчилар сони ҳар икки минтақада — Ғарб ва Шарқда — 12 тадан 16 тагача оширилиши режалаштирилмоқда. Агар бу таклиф амалга ошса, турнир формати ва квоталар тақсимоти сезиларли даражада янгиланади.
Маълум қилинишича, ушбу ўзгаришлар жами 12 мамлакатга таъсир қилади: Ғарб минтақасида 6 та ва Шарқда яна 6 та давлат. Энг катта фойдани, кутилганидек, ўз ҳудудларида рейтинг пешқадами бўлган Саудия Арабистони ва Япония олиши мумкин. Унга кўра, ушбу мамлакатларга плей-офф босқичи учун қўшимча равишда иккитадан йўлланма ажратиш кўзда тутилган — бу аввал амалда бўлмаган имконият.
Минтақавий рейтингда иккинчи поғонада турган БАА ва Жанубий Корея гуруҳ босқичи учун яна биттадан қўшимча ўринга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, бешинчи ўриндаги Ўзбекистон ва Австралия плей-офф босқичи учун биттадан қўшимча йўлланма олиши эҳтимол қилинмоқда. Еттинчи поғонадаги Иордания ва Ветнам эса илк бор элита турнирига чиқиш имкониятига эга бўлиши мумкин — аввал уларда бундай шанс умуман йўқ эди.
Қизиқ жиҳати шундаки, олтинчи ўринни эгаллаб турган Ироқ ва Малайзия учун ҳеч қандай қўшимча квота назарда тутилмаган. Учинчи ва тўртинчи ўриндаги мамлакатлар — Қатар, Таиланд, Эрон ва Хитой — квота сонини оширмаса-да, сифат жиҳатидан ютуққа эга бўлади. Яъни уларнинг плей-офф ўринлари гуруҳ босқичи йўлланмасига айланиши мумкин.
Манба қайд этишича, бу ҳали расмий қарор эмас, балки қўмита муҳокамасига тақдим этилган таклифлардан бири холос. Барча аниқ ва тасдиқланган янгиликлар жума куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Агар ушбу ташаббус қабул қилинса, Ўзбекистон клублари учун ҳам янги имкониятлар пайдо бўлади. Жумладан, "Нефтчи" тўғридан-тўғри элита мусобақаси гуруҳ босқичига йўл олиши мумкин. "Пахтакор" эса плей-оффдан иштирокни бошлаб, ғалаба қозонса гуруҳ босқичига чиқади, акс ҳолда иккинчи даражали Чемпионлар Лигасига йўл олади. "Насаф" эса Чемпионлар Лигаси-2 мусобақасининг гуруҳ босқичида қатнашиши мумкин.
Албатта, бу имкониятлардан фойдаланиш учун клубларда ОФК лицензияси бўлиши асосий шарт ҳисобланади. Қисқаси, агар ўзгаришлар тасдиқланса, ўзбек клублари учун янги эшиклар очилиши мумкин — энди ҳаммаси расмий қарорга боғлиқ.