Туркияда фожиа: чақмоқ урган болалар ҳалок бўлди
Туркиянинг Диёрбакир ҳудудида содир бўлган фожиали ҳодиса жамоатчиликни ларзага солди. Кучли ёмғир пайтида дарахт остига паноҳ излаган болаларни чақмоқ уриши оқибатида икки нафар ўсмир ҳаётдан кўз юмди, яна бири оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда ТРТ маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа Эргани туманидаги Чичекўзу маҳалласида жойлашган уй ҳовлисида содир бўлган. 14, 15 ва 16 ёшли болалар ёмғирдан сақланиш мақсадида дарахт остига яширинган. Бироқ кутилмаган табиий ҳодиса — чақмоқ зарбаси уларни нишонга олган.
Ҳодиса жойига тез тиббий ёрдам ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари зудлик билан етиб борган. Жароҳатланганлар Ғози Яшаргил шифохонасига олиб борилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, икки нафар ўсмирнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Мутахассислар бундай об-ҳаво шароитида очиқ майдонларда, айниқса дарахтлар остида туриш хавфли эканини яна бир бор эслатмоқда. Ушбу фожиа аҳолига табиат ҳодисаларига нисбатан эҳтиёткор бўлиш зарурлигини кўрсатди.