Артета “Арсенал”даги асосий муаммони очиқ тан олди
"Арсенал" бош мураббийи Микел Артета Чемпионлар лигаси ярим финалига чиқишдан кейин жамоанинг асосий камчилиги ҳақида очиқ фикр билдирди. Лондон клуби чорак финалда "Спортинг"ни икки учрашув натижасига кўра мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди.
Илк ўйинда “тўпчилар” меҳмон майдонида минимал — 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жавоб учрашуви 0:0 дуранг билан якунланган. Шу натижалар орқали “Арсенал” ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Артета эса жамоа ўйинидаги асосий муаммо сифатида тўп назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда жамоа тўп билан ишлаш ва ўйинни назорат қилишда камчиликларга эга.
Шу билан бирга, мураббий футболчиларнинг руҳияти, интизоми ва муносабати юқори даражада эканини алоҳида қайд этди. У айнан шу жиҳатлар қийин вазиятларда жамоага ёрдам бераётганини айтди.
Артета TNT Sports’га берган изоҳида: “Ҳозир тўп назоратида қийналяпмиз. Ўйинни яхшироқ бошқаришимиз керак. Лекин футболчиларнинг характери ва муносабати жойида — бу бизга оғир вазиятларни енгиб ўтишда катта куч бераяпти,” деди.
Эслатиб ўтиш жоиз, ярим финалда “Арсенал” "Атлетико Мадрид"га қарши майдонга тушиб, финалга йўл олиш учун кураш олиб боради.