Собиқ вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев гаров эвазига озод этилди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ ўринбосари, йирик миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилиниши билан боғлиқ ишда гумон қилинган Бекмурод Абдуллаев озодликка чиққани маълум бўлди.
Kun.uz манбасига кўра, у иш доирасида етказилган 200 миллиард сўмдан ортиқ зарарни нақд пул шаклида қоплаб бергандан сўнг, унга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси гаров билан алмаштирилган.
Маълумотларга қараганда, генерал-майор унвонига эга бўлган Абдуллаев турли йилларда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия тизимларида масъул лавозимларда фаолият юритган. 2021 йил апрелида у Ички ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.
2025 йил ноябрида эса у лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар тарқалди. 2026 йил январида эса Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаментининг собиқ раҳбари Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши очилгани маълум қилинди. Улар давлат харидлари тизимида йирик молиявий қонунбузарликларда гумон қилиниб, қамоққа олинган эди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу иш доирасида давлат бюджетига 186 миллиард сўм атрофида зарар етказилгани президент иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тасдиқланган.
Ҳозирги кунда Рустам Турсунов қамоқда сақланмоқда. Абдуллаев бўйича эса эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилиб, у тергов жараёнида эркинликда қолган ҳолда иштирок этмоқда.