Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдаровнинг фикрлари...
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров даъвогарлар турнирида муддатидан аввал ғалаба қозониб, жаҳон чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Кипрда ўтган мусобақадан кейин у бўлажак ҳал қилувчи учрашув ҳақида фикр билдириб, баҳс осон бўлмаслигини таъкидлади.
«Мен бу ҳақда кўп ўйлаб ўтиришни хоҳламайман. Йил охирида мени жуда оғир ўйин кутаётганини биламан», — деди Синдаров.
Маълумот учун, у жаҳон чемпиони — ҳиндистонлик Доммаражу Гукешга қарши баҳс олиб боради. Гроссмейстер рақибининг тажрибасини тан олган ҳолда, ўз имкониятларига ҳам ишонч билдириб ўтди.
«Унда бундай даражадаги ўйинларда катта тажриба бор. Лекин менда ҳам кучли жамоа бор, тайёргарлик учун барча имкониятлар мавжуд. Шунинг учун кўпроқ меҳнат қилиб, имкониятларимдан максимал фойдаланишга ҳаракат қиламан», — деди у.
Синдаров даъвогарлар турнирининг ўзи ҳам жуда мураккаб ўтганини алоҳида қайд этди.
«Бу жуда узоқ ва оғир турнир бўлди. Ҳар бир тур ниҳоятда қийин кечди. Охирги кунларда ҳатто яхши ухлай олмадим. Аммо ҳозир жуда хурсандман. Оиламга, мураббийларимга ва мени қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдираман», — деди шахматчи.
Гроссмейстер сўнгги турдаги партия психологик босимсиз ўтишини айтди. Шу билан бирга, у эътиборини фақат ўз ўйинига эмас, балки аёллар ўртасидаги даъвогарлар турнирига ҳам қаратмоқчи эканини билдирди:
«Эртанги партия босимсиз ўтади. Шу билан бирга, Бибисорани ҳам қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Унинг имкониятлари ҳам яхши», — деди Синдаров.