Ўзбекистон боксида заҳира кучли: қозоғистонлик мураббий очиқ баҳо берди
Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Турсунғали Едилов “Sportarena.kz” нашрига берган интервьюсида Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнир доирасида ўзбекистонлик боксчилар иштирокини атрофлича баҳолаб берди. Мазкур мусобақада Қозоғистон терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича пешқадам бўлиб, биринчи ўринни эгаллагани маълум.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Қозоғистон жамоаси турнирга энг кучли таркиб билан йўл олган ва бу ўз самарасини берган:
«Ушбу турнирга терма жамоамиз бош мураббийи Нуржан Насанов асосий етакчиларни олиб борди ва натижада тўртта олтин медал қўлга киритилди. Ўзбекистон эса иккинчи-учинчи рақамли таркиб билан келиб, учта олтин медални қўлга киритди. Бу нимани англатади? Ўзбекистонда захира борасида ҳеч қандай муаммо йўқ», — деди Турсунғали Едилов.
Шу билан бирга, у айрим қозоғистонлик боксчилар кутилган натижани кўрсата олмаганини ҳам яширмади. У ўзбекистонлик спортчилар ҳақида ҳам холис фикр билдирди:
«Ўзбекистон жамоасида ҳам ҳамма бирдек яхши чиқиш қилмади. Ўрта вазн тоифасида Асадуллаев муваффақиятсиз иштирок этди. Аммо умумий таассурот шуки, уларнинг аксарияти жуда истиқболли йигитлар. Мадаминов -65 кг вазнда энг яхшиси бўлди, Эркинбоев ярим оғир вазнда ниҳоятда рақобатбардош эканини кўрсатди, ёш Мамасолиев эса -90 кг гача бўлган вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этди. Қўшни мамлакатда аксарият олимпия вазн тоифаларида рақобат жуда кучли. У ерда ёшлар етакчиларга бўшашишга имкон бермайди. Бизда-чи? Қатор вазнларда мураббийлар кимни юборишни ўйлаб қолишади ёки битта етакчи бор-у, унинг ортида эса бўшлиқ», — дея фикр билдирди мутахассис.
Собиқ мураббий яна бир муҳим жиҳатга алоҳида урғу берди. Унинг фикрича, ўзбекистонлик мураббийлар бу турнирни фақат тажриба майдони сифатида эмас, балки рақибларни ўрганиш имконияти сифатида ҳам фойдаланган:
«Мен кўп бора айтганман: биздаги катта муаммо шундаки, Ўзбекистонда боксчиларни бизникиларга қарши жангларга жуда жиддий тайёрлашади. Бизда эса гўёки бундай ёндашув етишмайди. Масалан, Маҳмуд Сабирхон билан Шаҳзод Музаффаров ўртасидаги жангни олинг. Аввал улар уч бор тўқнаш келишган ва ҳар сафар бизнинг боксчи осон ғалаба қозонган эди. Бу сафар эса икки карра жаҳон чемпиони ғалабани том маънода “тишлари билан суғуриб олди”. Шу боис, Осиё ўйинларида бизнинг боксчиларимиз ўзбекистонлик рақибларга қарши жуда қийин жанглар ўтказади, деб ўйлайман. Чунки улар бизни пухта ўрганиб чиқишган, биз эса уларнинг етакчиларини етарлича таҳлил қилмаганмиз», — деди Едилов.
Маълумот ўрнида, ёзги Осиё ўйинлари 19 сентябрдан 4 октябргача Япониянинг Нагоя шаҳрида бўлиб ўтади. Қозоғистон эркаклар терма жамоаси ушбу мусобақада сўнгги бор 2014 йилда ғолиб чиққан бўлиб, шундан кейинги икки турнирда кутилган натижаларни қайд эта олмаган.
Умуман олганда, мутахассиснинг фикрлари бир жиҳатни яққол кўрсатмоқда: Ўзбекистон боксида заҳира мустаҳкам, рақобат юқори ва бу келажакда янада йирик ғалабалар учун жиддий замин яратади.