Cмартфон, ноутбук ва кийим-кечаклар импорти учун янги канал очилади...
Ўзбекистонда смартфонлар, ноутбуклар, планшетлар ҳамда кийим-кечак импорти бўйича янги тартиб жорий этилади. Президент қарорига мувофиқ, хорижий товарларни олиб киришда замонавий ва енгиллаштирилган канал яратилмоқда.
Янги тизимга кўра, махсус лицензияга эга онлайн маркетплейслар бонд омборларини ташкил этади. Ушбу омборларга товарлар мамлакатга олиб кирилганда божхона божи ва ҚҚС тўланмасдан жойлаштирилади. Бу эса импорт жараёнини тезлаштириш ва товар айланмасини оширишга хизмат қилади.
Фуқаролар эса ушбу омборлардаги маҳсулотларни шахсий эҳтиёжи учун харид қилиш имкониятига эга бўлади. Бунда смартфон, ноутбук ва планшетлар учун 5 фоизлик ягона божхона тўлови амал қилади.
Кийим-кечак ва пойабзал маҳсулотлари учун эса бошқача тартиб белгиланган — уларга 3 фоиз бож тўлови ҳамда қўшимча равишда ҚҚС ундирилади.
Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, бонд омборларидан олинган товарлар фақат шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, кейинчалик қайта сотиш қатъиян тақиқланади.
Янги тизим импорт бозорини янада шаффофлаштириш, нархларни рақобатбардош қилиш ва аҳоли учун қулай харид имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.