3 ёшли боланинг бошига ғишт тушиб кетди
Қозоғистоннинг Қарағанди вилоятида Маданият уйи биноси фасадидан тушиб кетган қоплама плита 3 ёшли боланинг бошига тегиши оқибатида у сунъий комага ётқизилди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса бола отаси билан бино ёнида сайр қилиб юрган вақтда содир бўлган. Ота ҳатто биринчи тушган бўлакдан ўғлини тўсиб қолишга ҳам улгурган. Онасининг айтишича, бола кўп қон йўқотган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишган.
Жароҳат олган болада мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, бош суягининг бир қисми олиб ташланган ва у сунъий комага киритилган. Ота-она бинода қоплама материаллар мустаҳкам ўрнатилмаганини таъкидлаб, масъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.
“Бизнинг талабимиз – ушбу ишга алоқадор барча айбдорларни аниқлаб, жавобгарликка тортиш. Мен ўша парчаларни кўрганимда, уларда ҳеч қандай цемент, кўпик ёки ҳатто мих ҳам йўқ эди. Улар нимада маҳкамлангани тушунарсиз. Барча бинолар текширилиши керак. Агар бу қисм сифатсиз ўрнатилган бўлса, бошқалари ҳам шундай бўлиши мумкин”, дейди боланинг онаси Сабина Кауапова.
Маълумотларга кўра, Маданият уйи биноси 4 йил олдин таъмирланган бўлиб, 2024 йилдаёқ унда дарз ва нуқсонлар аниқланган.
“2024 йилда айнан шу бурчакда муаммолар топилган. Биз пудратчига мурожаат қилдик, у келиб барчасини тузатишга ваъда берганди, лекин бажармади. Кейин маълум бўлишича, у банкрот бўлган “Азия Nur 2030” компанияси экан. Биз ўз кучимиз билан текшириш олиб бордик, мутахассисларни жалб қилиб, таъмирлашни режалаштирган эдик”, деган Маданият уйи бўлим раҳбари Мейирлан Қали.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган, пудратчи эса полиция томонидан қидирувга берилган.