Пойтахтда ниқоб тақмай юрган 1000 дан зиёд фуқаро жазоланди
Тошкентда карантин чекловларига риоя қилишини доирасида 7 июль куни ўтказилган чора-тадбирлар чоғида ниқоб тақмай юрган фуқаролардан 1081 нафари жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Айни пайтда кеча карантин чекловларини бузган 11 та юридик шахс жаримага тортилган, 3237 нафар фуқаро амалдаги чекловлар бўйича огоҳлантирилган, улар билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Чоршанба куни Ўзбекистон пойтахтида ниқоб тақмаган 1300 киши жавобгарликка тортилган эди.
Аввалроқ Озодлик дам олиш кунлари Тошкентда ниқоб тақиш талабини бузган 2 минг чоғли фуқарога нисбатан баённома тузилгани ҳақида хабар қилганди.
Расмийлар мамлакат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига асосан “ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача (1 миллион 225 минг сўм – таҳр.) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин”лигидан огоҳлантирмоқдалар.