Чақалоқ савдоси: Туркманистон туғруқхоналарида пора эвазига бола асраб олиш "оддий ҳолга айланган"
Туркманистон туғруқхоналарида чақалоқларни пул эвазига ва қонуний расмийлаштирмасдан, асраб олиш учун учинчи шахсларга бериб юбориш ҳолатлари кўпайди. Озодлик туркман хизматининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги манбасига кўра, аксар ҳолларда онаси воз кечган болалар шу тариқа бегоналарга бериб юборилмоқда.
Манба, Туркманистон Оила кодекси нормаларига таяниб, бу ерда туғруқхоналар раҳбарлари ва маҳаллий маъмурлар аралашган “болалар савдоси” ҳақида сўз бораётганини айтади.
Озодлик мухбири яқинда вилоятлардан биридаги туғруқхона бош врачига 15 минг манат тўлаб, энди туғилган чақалоқни асраб олган бир оила билан сўзлашишга муваффақ бўлди.
Чақалоқлар сотилаётгани ҳақида Озодлик манбаси 2020 йил охирларида маълум қилган эди. Манба ҳамиша ишончли маълумот етказиб бериб турганига қарамай, Озодлик таҳририяти ушбу мавзуда мақола эълон қилишдан тийилган, чунки мазкур ҳолат тизимли тус олганига доир бошқа далиллар йўқ эди.
Июнь ойи бошларида Озодлик мухбири минтақалардан бирида вилоят туғруқхонаси бош шифокорига 15 минг манат тўлаб, чақалоқ асраб олган эр-хотинни топиб, суҳбатлашди.
Махфийлик ва суҳбатдошларнинг хавфсизлиги важидан Озодлик уларнинг исмларини ўзгартирди, мақолада ҳатто улар яшайдиган вилоят номини ҳам тилга олмасликка қарор қилди.
Манба ва тутинган ота-онанинг ишонишича, болаларни асраб олишнинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ, чунки етим бўлиб қолишмайди, балки уларни яхши кўрадиган оилада катта бўлишади. Бироқ Озодлик билан суҳбатда улар болалар савдосини йўлга қўйган мулозимларнинг хатти-ҳаракатларини қоралашган.
“Боламизни ўз туққан фарзандимиздек яхши кўрамиз. Биз бу воқеани узоқ кутдик ва унга етишган кунимиз ҳаётимиздаги энг бахтли кун бўлди. Ҳаммаси қонуний бўлишини хоҳлардик, албатта, лекин пул тўлашдан ўзга чорамиз йўқ эди. Аммо биз уни сотиб олдик, деб ўйламаймиз. У бизнинг ўз фарзандимиз”, дейди 30 ёшли Орзигул (исм ўзгартирилган).
Эри Давлат (исм ўзгартирилган) ундан икки ёш катта. Улар 2013 йилда турмуш қурган бўлишса-да, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар туфайли етти йилдирки, фарзанд кўра олишмаётган экан.
“Бола асраб олишга уч йил бурун қарор бергандик. Мен этрап (туманга монанд маъмурий бирлик — таҳр.) ҳокимлиги ва ФҲДЁсига мурожаат қилдим. Барча зарур ҳужатларни тўпладим, қанча пора бердим. Оиламизнинг ошиб-тошиб кетган жойи йўқ, лекин биз ҳаммасига тайёр эдик. Ҳамма жойда пора бериш кераклигини билардик, шунинг учун пул тўпладик. Аммо ФҲДЁ бизнинг ишимизни нуқул кейинга сураверди, хотиним ишламаслиги ва мен ягона боқувчи эканим учун васийлик органи қаршилик қилаётганини айтишди”, - дея ҳикоя қилади Давлат.
Давлат этрап ФҲДЁ идорасига қатнаб юрган кунларнинг бирида идора ходималаридан бири бола асраб олишнинг осон ва тез ҳал бўладиган йўли борлигини, агар хоҳласалар, “болани чақалоқлигидан тарбиялаб, бахтиёр бўлишлари мумкин”лигини айтади.
“Буни ўзим ҳам эшитгандим, лекин таниш-билиш йўқ эди, қолаверса, катта пул талаб қилишлари мумкин эди. ФҲДЁ идораси ходимаси эса бир врачнинг исмини айтиб, унинг номидан борсам ёрдам беришини ва инсоф билан пул сўрашини айтди”, - дейди Давлат ўша кунларни эслаб.
Уйга қайтгач, у Орзигул билан гаплашади, бесамар кутишдан чарчаган хотини бу таклифга маҳкам ёпишиб олади.
“Ўз ота-онаси юз ўгирган болани боқиб олишнинг ҳеч ёмон жойи йўқ-ку, ахир. Биз олмасак, етимхонага бериб юборишарди барибир”, - дейди Орзигул.
Туркманистон Оила кодексининг 108-моддасига кўра, фарзандликка бола олишни хоҳловчилар яшаш жойи бўйича ҳокимлар номига ариза ёзиши керак. Шундан сўнг жараёнга васийлик ва ФҲДЁ органлари қўшилади. Туғруқхона ходимлари болаларнинг асраб олинишига ёрдам бериши ҳақида Туркманистон қонунчилигида лом-мим дейилмаган, дейди Озодлик манбаси.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хизматчиси Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатни “болалар савдоси” деб атади.
“Бу бола сотишдан бошқа нарса эмас. Савдо тизимли равишда йўлга қўйилган. Битта бола нархи бир неча юз минг манатгача бўлиши мумкин. Туркманистонда фарзандликка олиш жараёни ўта мураккаб, бола асраб олувчилар амалдорларнинг порасига ҳам анча-мунча чиқим қилади. Ўнлаб идорадан ўтиш керак, ҳаммасида тамагирлар ўтирибди. Шунда ҳам одамлар масала ҳал бўлишини йиллаб кутишади. Етимхоналарда эса, одатда катта ёшли болаларни таклиф қиладилар. Шу боис фарзанд кўра олмаётган кўплаб ўзига тўқ оилалар чақалоқ асраб олиш ва уни фарзандидек вояга етказиш учун улар истаганча пул тўлашга тайёр”, - дейди Озодлик манбаси.
Озодлик ўтган йили Лебап вилоятида маҳаллий болалар уйларидан бола асраб олмоқчи бўлган оилалар, барча зарур ҳужжатларни тўплашганига қарамай йиллаб кутишга мажбур бўлишаётгани тўғрисида ёзган эди.
“Сўраган пулларини берсангиз, ортиқча сансалорликсиз, қисқа вақт ичида болани фарзандликка олишингиз мумкин. Чақалоқ туғилишигача тегишли ҳужжатларни шай қилиб қўйишади, чунки уларда ҳамма нарса олдиндан келишилган бўлади”, - дейди Озодлик манбаси.
Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда кўзи ёриган аёлларнинг ўз фарзандидан воз кечиши ҳоллари кўпайганки, бу туғруқхоналар масъул раҳбарлари билан маҳаллий мулозимларнинг тегирмонига сув қуймоқда.
“Боласидан юз ўгираётганлар аксари — эрга тегмасдан бўйида бўлиб қолиб, аборт қилишга кечиккан ёш аёллар. Туркманистонда комиссиянинг махсус рухсати бўлмасдан аборт қилдириш қийин. Бунақа ҳолатларда аёллар ўз хоҳишлари ёки қариндошлари қистови билан бошқа вилоятга бориб, туғишади ва туғруқхонадаёқ чақалоқдан воз кечишади. Айрим ҳолларда эса туғруқхона врачлари суррогат оналар хизматини таклиф қилади, бироқ бу жуда қимматга тушади, бунақа хизматларни фақат бадавлат оилаларнинг чўнтаги кўтаради”, иддао қилади манба.
Унинг айтишича, минтақада потенциал бола асраб олувчилар вилоят туғруқхонаси масъулларига аввалроқ мурожаат қилишиб, уларни навбатга қўйишлари учун поранинг бир қисмини олдиндан бериб қўйишади.
“Пора миқдори бир неча ўн мингдан бир неча юз минг манатгача бўлиши мумкин. У ерда бутун бошли тизим мавжуд. Агар асраб олувчилар болани мумкин қадар тезроқ олишни истаса, поранинг катта қисмини олдиндан бериб қўйиши шарт: шунда врач “муносиб номзод” пайдо бўлгани заҳоти уларни қўнғироқ қилиб чақиради. Чунки кўпинча, боласидан воз кечмоқчи бўлган аёллар врач билан аввалроқ келишиб қўяди. Шу тариқа бунақа шифокорлар ҳали туғилмаган болани сотишади. Қонунга биноан, агар биологик ота-онаси тирик бўлса, бола уларнинг розилиги билан фарзандликка берилиши лозим. Аммо кўп эр-хотинлар чақалоқнинг туққан онаси билан танишишни истамайди ва ишни шусиз битириш учун қўшимча пул тўлайди”, дейди манба.
Орзигул ва Давлат вилоят туғруқхонасида туғилган чақалоқни тезроқ асраб олиш учун 15 минг манат тўлашган. Улар Туркманистонда етим болаларни боқиб олишга талабгор минглаб оилалар борлигига қарамай, чақалоқлар тижорат буюмига айлантирилганини жиноят ва ахлоқсизлик деб ҳисобласалар-да, болани бу тариқа асраб олишганидан заррача афсус қилмасликларини айтишади.
“Қайта имкон берилган тақдирда ҳам шундай йўл тутган бўлардик. Ҳа, 15 минг манат биз учун катта пул. Бу пулга зарур озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш мумкин, ана, бир қути болалар бўтқасининг ўзи 200 манат туради. Аммо ота-она бўлиш бахтини йиллаб кутишга мажбур бўлганингда пулнинг қадр-қиммати қолмайди”, - дейди Давлат.
Озодликнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек суҳбатдошлар тилга олган соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туғруқхоналар раҳбарларидан изоҳ олишга уринишлари зое кетди.
Туркманистондаги етим болаларнинг сонига доир расмий маълумот йўқ, аммо вазиятдан хабардор манбалар, улар камтарона ҳисоб-китобларга кўра, 10 минг нафарга яқин бўлиши мумкинлигини айтишади. Мамлакатда 2016 йилдан бери давом этиб келаётган иқтисодий инқироз болалар уйлари тарбияланувчиларининг турмуш даражасига ҳам таъсир этмай қолмади.
Озодлик болалар уйларини озиқ-овқат билан таъминлаш ачинарли даражада экани, маҳаллий ҳокимликлар бу муаммони ҳал қилиш учун тадбиркорлардан пул ундиришни одат қилгани ҳақида мунтазам хабар қилиб келади.
Жорий йил мартида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов етим болаларни қўллаб-қувватлаш учун ўз номи билан аталувчи хайрия жамғамасига асос солинганини эълон қилганди. Шу воқеадан кейиноқ президент номидаги фонд учун пул йиғиш бошлангани ҳақида маълумотлар кела бошлади.