Тожикистонда табиий офатлар оқибатида 14500 киши одатий турмуш тарзини ўзгартиришга мажбур бўлди
![Тожикистонда табиий офатлар оқибатида 14500 киши одатий турмуш тарзини ўзгартиришга мажбур бўлди](https://gdb.rferl.org/5471992c-0fb4-4d96-9ee5-dcfef21759b2_w800_h450.jpg)
Тожикистонда май ойининг биринчи ярмида юз берган табиий офатлар оқибатида камида 14 500 киши ўз одатий турмуш тарзини ўзгартиришга мажбур бўлди: улар дори-дармон ва психологик ёрдамга мухтож. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ва БМТ экспертлари ҳамкорликда ўтказган тадқиқот натижаларида маълум қилинди.
Хатлон вилояти ва қатор туманларда табиий офат оқибатида ўнлаб уйлар вайрон бўлган, йўллар бузилган, экинзорлар сув остида қолган. Сув тошқинларида камида 9 киши ҳалок бўлган.
Тадқиқотда таъкидланишича, Хатлон вилоятида 128 турар жой биноси вайрон бўлган, 400та ҳовли жой қисман зарар кўрган.
Абдураҳмон Жомий туманидаги уч қишлоқда 32 уй тўлиқ вайрон бўлган, 157 хўжалик зарар кўрган. Уйлари вайрон бўлган 20 оила икки ҳафтадан бери чодирларда яшамоқда.
Кўлоб шаҳрида эса 41та уй бузилган, 800 оила тезкор ёрдамга муҳтож.
Жаҳон банкининг ҳисоб-китобича, 1992 йилдан 2016 йилгача табиий офатлардан Тожикистон 1 миллиард 800 миллион доллар миқдорида зарар кўрган.