Қозоғистон жорий йилда сув учун Россияга кўпроқ пул тўлайди, аммо камроқ сув олади
Жорий йилда Қозоғистон Россияга сув учун ўтган йилга нисбатан кўпроқ пул тўлайди, аммо нисбатан камроқ сув олади. Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, бу борада Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Ғали Есқалиев 25 май куни ўтган брифингда билдирган.
-Ўтган йили биз 180 миллион кубометр сув учун Россияга уч миллиард тангага яқин ҳақ тўлаганмиз. Жорий йилда Россия бизга 140 миллион кубометр сув беради, биз эса 4 миллиард 200 миллион тенге пул тўлаймиз. Сув Саратовдан келади. У ерда электр энергияси тарифлари ошди. Шунинг учун ҳам биз кўпроқ пул тўлашимизга тўғри келади. Бу насос станциялари ҳаражатлари учун тўланадиган ҳақ,-деди ҳоким.
Билдирилишича, Ғарбий Қозоғистон вилоятида сув танқислиги СССР замонларидан, яъни 1960 йиллардан бошланган. Шунинг учун Совет ҳукумати вилоятга Волга дарёси сувини каналлар орқали етказиб бериш режасини амалга оширган.
Ғарбий Қозоғистондаги сув танқислиги Урал дарёсининг саёзлашуви ортидан юзага келгани айтилади.