Музработда қўйларни бўғизлаб қонини ичган номаълум ҳайвоннинг болалари топилди
![Музработда қўйларни бўғизлаб қонини ичган номаълум ҳайвоннинг болалари топилди](https://gdb.rferl.org/47c36b96-4a7b-4c46-9690-5bd60c075d9d_w800_h450.jpg)
Сурхондарё вилояти Музработ туманида одамлар уриб ўлдирган номаълум ҳайвоннинг болалари топилди ва улар Термиз ҳайвонот боғига топширилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси 25 май куни маълум қилди.
Қўмитанинг расман билдиришича, номаълум ҳайвоннинг турини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Унинг болалари ҳайвонот боғига мазкур янги турни сақлаб қолиш мақсадида топиширилган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Музработ туманида номаълум ҳайвон қўйларни бўғизлаб кетаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Шундан сўнг аҳоли номаълум ҳайвонни уриб ўлдиргани тўғрисидаги видео ҳам пайдо бўлган.
Экология қўмитасининг билдиришича, бу воқеани ўрганиш жараёнида, номаълум ҳайвон камида 10та қўйни бўғизлагани аниқлаган. Лекин ҳайвон уларнинг гўштини емаган, фақат қонини ичган.
24-25 май куни Экология қўмитаси ходимлари томонидан мазкур ҳудудда олиб борилган текширув ишлари пайтида “Орият” маҳалласи ҳудудидаги “Шомуродов Акбар” фермер хўжалигига қарашли даланинг четида номаълум ҳайвоннинг иккита боласи топиб олинган.