Ўзбекистон ва Афғонистон имтиёзли савдо шартномасини имзоламоқчи
Ўзбекистон билан Афғонистон ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг охиригача имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга келишиб олди.
Бу келишув 25 май куни Термизда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Афғонистон президенти администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар ўртасида ўтказилган музокаралар чоғида қабул қилинди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 26 майда билдиришича, мазкур келишув қабул қилиниши ортидан яқин йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2 миллиард долларга етиши мумкин. 2020 йилда икки давлат савдо айланмаси 800 миллион долларни ташкил қилган.
Расмий билдирувда айтилишича, музокараларнинг асосий мавзуси “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳаси ҳамда уни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатлари бўлди.
“Томонлар дала тадқиқотларини ўтказиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, лойиҳани молиялаштириш масалаларини муҳокама этиб, уларнинг ҳар бири бўйича ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқди. Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида юқори даражадаги уч томонлама ишчи гуруҳ йиғилиши чоғида эришилган келишувларнинг ижросини тезлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди”,-дейилади хабарда.