Янгийўлдаги судда судланувчи Муродбой ва унинг шериклари қўлларини лезвия билан тилди (ВИДЕО)
![Янгийўлдаги судда судланувчи Муродбой ва унинг шериклари қўлларини лезвия билан тилди (ВИДЕО)](https://gdb.rferl.org/0d7f2b61-f4bd-45f9-b0c9-4480a1c32be3_w800_h450.jpg)
Янгийўл шаҳар жиноят ишлари бўйича судда уч нафар судланувчи “ўзларининг мол-мулклари ҳуқуқ-тартибот тизимлари ходимлари томонидан ўзлаштириб олинганига норозилик билдириб” қўлларини лезвия билан тилиб ташлади. Қўлини тилган судланувчилар орасида халқ орасида Муродбой номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиев ҳам бор.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видеода акс этган воқеани Тошкент вилоят Ички ишлар Бош бошқармаси тасдиқлади.
Расман билдирилишича, 25 май куни ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва бошқа моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этилган ва айни вақтда 1-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбуслар М.Юнусалиев (1984 й.т., 9 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 27.04.2019 йилдан қамоқда), Ғ.Муроджонов (1987 й.т. 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 27.04.2019 йилдан қамоқда), А.Қудратов (1980 й.т., 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда), Э.Шарипов (1987 й.т., 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда), С.Юлчиев (1989 й.т., 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда) Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг 2021 йил 25 май кунидаги сўровномасига асосан бошқа жиноят иши бўйича ЖИБ Янгийўл шаҳар судига юборилган.
“Суд жараёнида соат 15:30 ларда, М.Юнусалиев, Ғ.Муроджонов ва А.Қудратовлар суд томонидан қўйилган айбловлардан норозиликларини билдириб, қўлларидаги лезвия бўлаклари билан ўзларига ўзлари тан жароҳат етказган, турли ноўрин талабларни қўйиб, ИИО ходимларини қонуний талабларни бажармаган. Махбусларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар шу куни соат 20:00 ларда 1-сон Тергов ҳибсхонасига олиб бориб топширилган”,-дейилади Тошкент вилоят Ички ишлар Бош бошқармаси баёнотида.
Айни пайтда Тошкент вилоят Ички ишлар Бош бошқармаси судланувчиларнинг “ўзларининг мол-мулклари ҳуқуқ-тартибот тизимлари ходимлари томонидан ўзлаштириб олингани” юзасидан судда қилган баёнотларига муносабат билдирмаган.
Озодлик радиоси 2016 йилнинг июнида Тошкент вилояти Янгийўл туманида маҳаллий тадбиркор Муродбойга берган пулини қайтариб ололмаганидан арз қилган ўнлаб одам 3 кундан буён ИИБ биноси олдида йиғилаётгани ҳақида мақола берган эди. Ўшанда аризачилар Муродбой Янгийўлда ўз молиявий пирамидасини қургани ҳақида айтган эдилар.