Саудия Арабистони ўз чегараларини 17 майгача очмайди
Саудия Арабистони коронавирус сабаб ўз фуқароларининг хорижга чиқиши ва бошқа мамлакатлар фуқароларининг мамлакатга кириши бўйича қўйилган чекловларни 17 майгача узайтирди. Бу ҳақда Қиролликнинг Ички ишлар вазирлиги 29 январь куни хабар берган.
Аввалроқ, Саудия 31 мартдан бошлаб чегараларини бутунлай очишини эълон қилганди. Аммо, бугунги кунда жаҳон бўйлаб коронавирус вакцинасини етказиб бериш бўйича юзага келаётган кечиктиришлар ва коронавируснинг давом этаётган иккинчи тўлқини туфайли чеклов муддати узайтирилади.
“Қироллик тақиқни бекор қилиш ва чегараларни очишдан олдин аҳолининг аксарияти коронавирусга қарши эмланишини хоҳламоқда. Шунингдек, ҳукумат мамлакатда коронавируснинг кунлик янги ҳолатини ҳозиргидек паст даражада сақлаб қолишни ўйламоқда” дея хабар берди Саудия Арабистони матбуот агентлиги Ички ишлар вазирлигига таяниб.
Саудия Арабистони Британияда коронавируснинг янгича тури аниқланиб, у бошқа мамлакатларга тарқала бошлагач, 28 декабрдан бошлаб барча чегараларини ёпганди.