Қашқадарёда 400 нафарга яқин ўқитувчи бошқа тумандаги мактабларга бориб дарс беради
Қашқадарё вилоятида 400 нафарга яқин ўқитувчи ўзи истиқомат қилувчи тумандан бошқа туманга ўтиб, ўша ҳудуддаги мактабларда фаолият бошлаган. Бу ҳақда “Дарё” хабар берди.
“Маълум бўлишича, 29 январ куни Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят халқ таълими бошқармаси масъуллари иштирокида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилган.
Унда сўз олган бошқарма бошлиғи Тўлқин Каримов “Дарё” мухбирининг “Давлат раҳбарининг 2020-йил 29-декабрдаги Парламентга мурожаатномасида тумандан туманга ўтиб ишловчи ўқитувчиларга 50 фоиз, ўзи истиқомат қилувчи вилоятдан бошқа вилоятга ўтиб, ўша ҳудуддаги мактабларда ишлаш истагида бўлганларга эса 100 фоизлик устама берилиши таъкидлангач, вилоят ўқитувчиларининг бу борадаги қизиқишлари қандай?”, дея берган саволига жавобан вилоятдаги вазиятни маълум қилди.
“Вилоятимизда фаолият юритувчи 400 нафарга яқин ўқитувчи тумандан туманга ўтиб, ўша жойдаги мактабларда дарс ўтишни бошлаган бўлса, 14 нафар ўқитувчи эса, бошқа вилоятдан, хусусан, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд вилоятларидан бизнинг вилоятга келиб, мактабларимизда иш бошлаган”, — деди Тўлқин Каримов.
Тўлқин Каримовнинг маълумот беришича, Қашқадарёга Россиядан ҳам малакали ўқитувчилари келиши кутилмоқда.
“Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган мазкур ишдан сўнг, Россиядан ҳам малакали ўқитувчиларни вилоятларга жалб қилиш бошланган. Aйнан бизнинг вилоятга 8 нафар ўқитувчи келиши кутилмоқда”, — деди бошқарма бошлиғи.
Матбуот анжуманида қўшимча маълумот берилишича, вилоятда фаолият юритувчи 58 минг нафарга яқин ўқитувчининг 13 минг нафари номутахассис кадрлар ҳисобланади”,– дейилади “Дарё” хабарида.