Арманистон: Мухолифат бош вазирга истеъфога кетиш учун ярим тунгача муҳлат берди
Кўча намойишларига тақиқ қўйилганига қарамай, Арманистон пойтахти Ереванда 11 ноябрь куни бош вазир Никола Пашинян истеъфоси талаби билан мухолифатнинг оммавий митинги бўлиб ўтди. Намойишни Озодликнинг арман хизмати трансляция қилиб бормоқда. Норозилик акциясида иштирок этишга мамлакатдаги 17 та сиёсий партия чақирган.
Чоршанба куни эрталабдан полиция Ереван марказидаги митинг ўтказиладиган Озодлик майдонини ўраб олиб, иштирокчиларни қўлга олишни бошлаган. Полициячилар ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган.
Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тутиб кетилганлар орасида “Фаровон Арманистон” мухолифат партияси лидери Гагик Царукян ҳамда парламентдаги Республика партияси фракциясининг собиқ раҳбари Ваграм Багдасарян ҳам бўлган.
Бир неча юз норози Озодлик майдонидан Миллий ассамблея томон юриш бошлаган. Парламент қаршисида тўхтаган митингчилар Пашинянни “хоин” деб атаб, турли шиорларни қичқириб айта бошлаганлар. Улар амалдаги бош вазирдан ярим тунгача истеъфога кетишни талаб қилишган. Маҳаллий вақт билан оқшомги соат саккизда мухолифат Пашиняннинг ҳокимиятни топшириши масаласи бўйича парламентнинг навбатдан ташқари сессиясини бошлашни режалаган. Бу ҳақда “Дашнакцутюн” партияси вакили Ишхан Сагателян билдирган. У барчани тарқалиб, воқеалар ривожини кутишга чақирган.
Мухолифат Никола Пашинянни “ерларни бой берганлик”да айбламоқда. 10 ноябрь куни Арманистон бош вазири Россия ва Озарбайжон лидерлари билан биргаликда Тоғли Қорабоғ ҳудудига тинчликпарвар кучлар ташланиши ва ўт очишнинг тўхтатилишига оид уч томонлама баёнотни имзолаганди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, минтақанинг 90-йиллар бошидан бери Арманистон назорати остида бўлиб келган қатор ҳудудлари Озарбайжонга ўтказиб берилади.
Арманистонда кўпчилик буни Бокуга таслим бўлиш ўлароқ қабул қилган. Сешанба куни Еревандаги оммавий норозилик акцияси иштирокчилари ҳукумат ва парламент биносига бостириб кирганлар.
Пашинян тинчлик шартномаси жабҳада юзага келган вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли экани, бу ҳужжат имзоланмаган тақдирда Озарбайжон қўшинлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасини бутунлай эгаллаб олиши мумкинлигини билдирган.