Андижонда 175 миллионлик дори воситаларининг ноқонуний савдоси олди олинди
Дори воситалари нархини сунъий равишда ошириб даромад орттиришни кўзлаган шахслар қўлга олинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси дори воситаларини ноқонуний сотмоқчи бўлган фуқароларни қўлга олди.
Ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Х. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, дори воситалари нархини сунъий равишда ошириб муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, харидор М.П.га хорижда ишлаб чиқарилган "Пропинем", "Меропенем" ва "Бициклол" дори воситаларини 13 550 АҚШ доллари ва 34,9 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура UzNews.uz’га маълум қилди.
Ушбу ҳолат бўйича А.Х. ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.