Ўзбекистонда “Фавипиравир” препаратини COVID-19’га қарши қўллаш мумкинми?
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга ойдинлик киритди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилишича "Фармакологлар Daryo.uz интернет нашрида "Фавипиравир" препарати мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкинлигини, ундан Ўзбекистонда COVID-19 беморларини даволашда қўлланилаётганини айтишган.
Мақолада, "Россияда COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун қўлланилаётган "Фавипиравир" препарати борасида ижтимоий тармоқларда мулоҳазалар пайдо бўлди. Фикрлар нуқтаи назаридан "Фавипиравир" препарати йиқилишни келтириб чиқарувчи носпецифик мувозанат бузилишларига олиб келиши мумкин"лиги ҳамда "Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 6 октябрь куни COVID-19'га чалинган беморларни даволашда "Фавипиравир" дори воситаларидан фойдаланилаётганлигини маълум қилган"лиги ҳақида айтиб ўтилган.
Ушбу фикрлар бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази томонидан муносабат билдирилди.
Ҳар бир дори воситасининг қўлланиш қоғозида ўзига хос тавсиялар ва огоҳлантиришлар бўлади. "Фавипиравир" препаратини қўллаш учун ҳам ўз қўлланма ҳужжати бор.
Қайд этилишича, "Фавипиравир" - бу ҳар хил турдаги РНК вирусларига, шу жумладан SARS-CoV-2 коронавирусига қарши антивирал препарат сифатида ишлатиладиган кимёвий модда ҳисобланади.
Препарат Японияда юқори вирусли юк туфайли келиб чиққан оғир инфекцияларга қарши ишлатиладиган гриппга қарши дори сифатида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. У япон бозорида "Aвиган" савдо номи остида муомалада бўлган.
Ҳозирги вақтгача Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фармакология қўмитасига "Фавипиравир" препаратини қўллаш оқибатида кузатилган ножўя таъсирлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.