COVID-19: Хасталикка чалинганлар сони 11 мингдан ошди, қурбонлар сони 45 нафарга етди
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 8 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 11092 (+110) нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.
Янги касалланиш ҳолатларининг ҳаммаси Карантин марказидаги ватандошлар (барчаси хориждан келган) орасида аниқланган.
Вазирлик маълумотига мувофиқ, айни пайтгача коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 7060 нафари соғайган, 3987 беморнинг эса муолажалари давом этмоқда.
ССВ маълумотига кўра, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 56 ёшли З.Д. (аёл) оламдан ўтган. Беморнинг ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани айтилмоқда.
Шунингдек, Навоий шаҳрида яшаган ва COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани тасдиқлаган 52 ёшли эркак Б.А. (эркак) ҳам вафот этган. Врачлар унинг вафотига ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши сабаб бўлганини қайд этганлар.
Бундан ташқари, Тошкентнинг Миробод туманида яшаган ва коронавирусга чалинган 72 ёшли Л.С. (аёл) ҳаётдан кўз юмган. Унинг ҳам ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани билдирилган. Шу тариқа коронавирус қурбонлари сони 45 нафарга етган.