Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи 49 йилга хорижий ширкатга берилади
Тошкентнинг Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида жойлашган Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғини 49 йилга BMP Smart Decision Private Limited хориж компаниясига – уни модернизация қилиш ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий паркни барпо қилишга оид инвестицион мажбурият билан бериш кўзда тутилган. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ўз расмий сайти орқали маълумот тарқатди.
Ҳокимлик баёнотига ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан Ғафур Ғулом боғи ўрнида янги турар жойлар ва бизнес марказ қурилиши мумкинлиги юзасидан билдирилган фикрлар сабаб бўлган.
Бу хавфсирашлар асоссизлигини қайд этган Тошкент шаҳар ҳокимлиги боғ 49 йилга Сингапурда рўйхатдан ўтган хорижий ширкатга берилганини билдирган.
“Модернизация лойиҳаси ўз ичига 80-йилларда ўрнатилган эски аттракционларни янгиларига алмаштиришни, шунингдек, боғнинг яшил ҳудудини, боғда ўсаётган Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси хатловидан ўтказилган дарахтларга қўшимча равишда, янги дарахтлар билан тўлдиришни ўз ичига олади”, дейилади ҳокимлик хабарномасида.
Пойтахт расмийлари ваъдасига кўра, реконструкциядан кейин боққа кириш аввалгидай бепуллигича қолади.
Ҳокимлик жамоатчиликни ушбу лойиҳа билан батафсилроқ таништириш учун инвестор вакили билан учрашув ташкил этилишини қайд этган, бироқ учрашув санасига аниқлик киритган эмас.