АҚШда Конфедерация арбобларининг ҳайкалларини қулатиш давом этмоқда
Қўшма Штатларда ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши норозилик намойишлари иштирокчилари, уларга кўра, ирқчилик ва дискриминацияни алқаган яна бир неча шахс ҳайкалини йиқитишди.
Виржиния штатидаги Ричмонд шаҳрида - 1861-1865 йиллардаги фуқаролар урушида мағлуб бўлган қулдор Конфедерация собиқ пойтахтида Конфедерациянинг собиқ президенти Жефферсон Дэвис ҳайкали қулатилди.
Ўша штатдаги Портсмут штатида Конфедерация арбобларининг яна тўртта ҳайкали ағдарилди.
Ричмонд шаҳрида Христофор Колумб ҳайкали ҳам йиқитилди. Намойишчилар европаликлар учун Америка қитъаси кашшофи ҳисобланмиш денгизчини Америкадаги туб халқларнинг европалик мустамлакачилар томонидан истибдодга солиниши тимсоли, деб ҳисоблайдилар.
Колумб ҳайкали Миннесота пойтахти бўлган Сент-Пол шаҳрида ҳам қулатилган. Аввалроқ Бостонда Колумб ҳайкалига шикаст етказилган – ҳайкалнинг боши қўпорилган эди.
Бу ҳолатларнинг ҳаммасида ҳайкаллар расмийларнинг рухсатисиз ағдарилган ёки шикаст етказилган, бироқ полиция содир бўлган ҳодисаларга аралашган эмас.
Виржиния губернатори демократ Ральф Нортэм яқин кунларда Конфедерация арбобларига бағишлаб тикланган ҳайкалларнинг энг машҳурларидан бири бўлмиш генерал Роберт Ли ҳайкалини олиб ташлашни буюрган. Суд бу қарор ижросини ҳозирча 10 кунга тўхтатиб қўйди.
“Қора танлиларнинг ҳаёти аҳамиятга молик” шиори остида ўтаётган норозилик намойишлари полиция томонидан қўлга олинган афроамерикалик Жорж Флойд ўлимидан кейин АҚШнинг кўплаб шаҳрида авж олди. Тадбир иштирокчиларининг аксарияти ирқчилик рамзларини йўқотишни талаб қилмоқда. Кўплаб штатларда Конфедерация арбобларини мадҳ этувчи ҳайкаллар тақдири ҳақида баҳс-мунозаралар олиб борилмоқда.
Пентагон раҳбарияти Конфедерация лидерлари номлари берилган ҳарбий базалар номини ўзгартириш тўғрисида мунозарага тайёр эканини баён қилганидан кейин АҚШ президенти Дональд Трамп бу базаларнинг номи ўзгартирилмаслигини билдирган.
АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси эса Капитолий биносидан Конфедерациянинг 11 арбоби ҳайкалини олиб ташлашни талаб қилган.