ПЕРУНИНГ ҚАЙНОҚ СУВ ОҚУВЧИ ДАРЁСИ… (ёхуд бу дарёга тушган жонзот борки, пишиб қолади) (ВИДЕО)
Перулик геофизик Андерс Рузо қайноқ сув оқувчи дарё борлигини афсона деб ўйларди. Аммо холаси аслида бу афсона эмаслигини, қачонлардир Рузо бола чоғида ўша дарёда чўмилишганини ҳам айтиб берди. Дарё чангалзорлар ортидан оқиб ўтаркан. Рузо азбаройи қизиқиши ортиб ўзига ишончли одамлардан гуруҳ тузди ва дарё жойлашган манзилга йўл олди.
Ҳа, холаси алдамабди. Ўзининг афсона дея ҳисоблаши ҳам ёлғон чиқди. Перуда ҳақиқатан шундай дарё мавжуд экан. Сувнинг қайноқлик даражаси 98 даражагача кўтариларкан. Энг паст даража 10 даражани ташкил этди. Дарё соҳилидан қайноқ буғ ҳавога кўтариларди. Сувга тушган илонлар, сичқонлар, қурбақалар тушган заҳоти пишиб қолавераркан.
Дарёнинг кенглиги 25 метрни ташкил этди. Қайнаб турадиган жойининг узунлиги 6 километрга тенг бўлди. Қарангки, шу қадар қайноқ сувда ўлмайдиган жониворлар ҳам топилди. Улар иссиқлик даражаси 98 даража бўлган дарё сувида бемалол сузишарди.
Ажабланарлиси, шу атрофда яшайдиганлар тез-тез чўмилишга ҳам келишаркан. Фақат дарёда кучли ёмғир ёғган маҳалгина чўмилиш мумкин. Бошқа пайт чўмилиш тугул қўлингизни бир марта сувга солиб кўрсангиз, бас, 3- даражали куйиш жароҳатини оласиз. Айрим қизиқувчилар атайин дарё соҳилига келиб чойми, кофеми, овқатми пишириш ҳаракатига тушишади. Чой ва кофе идишни сувга солишингиз баробарида қайнай бошлайди. Овқат учун тахминан бир неча дақиқа зарур бўлади.
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади